Маънавиятнинг миллий жилоси
2018 йил 6 апрель куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 4-сонли талабалар турар жойида “Гидромелиорация” факультети, “Гидромелиоратив тизимларидан фойдаланиш” кафедраси ўқитувчи ходимлари Мақсуд Саримсаков, Матлуба Мухаммадиева, Комил Мусаев, Абдусамат Ибодуллаев, Ҳафиза Ибрагимова ҳамда тарбиячи педагог Жавлонбек Қутлимуротовлар “Маънавиятда миллийлик ва умуминсонийлик” мавзусида давра сухбати ўтказишди.
Миллий маънавият – муайян элат, миллатга, унинг аждодларига хос бўлган руҳий бойлиги, унинг урф-одатлари, анъаналарини мужассамлаштирган ғоят қимматли маънавий бойликлардир.
Минтақавий (регионал) маънавият – муайян жуғрофий минтақа миллатларига хос, улар учун умумий бўлган маънавий бойликлардир. Масалан, Марказий Осиё халқларининг ёки славян халқларининг маънавиятидаги ёки янада кенгроқ доирада оладиган бўлсак, Шарқ ва Ғарб маънавиятидаги муштараклик, ўхшашликни олишимиз мумкин. Минтақавий маънавиятда турли элатларнинг умумий бирлиги, бир-бирига яқинлиги, турмуш тарзи ва моддий ҳаёт шароитларига хос муштарак жиҳатлар намоён бўлади.
Умуминсоний маънавият – бутун инсониятга, жаҳон халқларига тегишли бўлган маънавий-аҳлоқий бойликлардир.
Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 16 йилигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида таъкидлаганидек бу борада олдимиздаги турган энг муҳим вазифа: “....юртимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида тотувликни, фуқаролараро аҳилликни кўз қорачиғидай асраш... жамиятимизда меҳр-оқибат, саҳоват ва бағрикенглик муҳитини янада кучайтириш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз бўлиб қолиши даркор”.
Мамлакатимиз аҳолисининг кўпчилигини ташкил этувчи ўзбек халқи билан бирга юртимиз равнақи учун ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган ўзга миллат ва элатларнинг ҳам моддий, тарихий, маънавий қадриятларини оқилона ва ҳолисона ўрганиш, ривожлантириш, улардан ижодий фойдаланиш жамиятимиз маънавий юксалишининг муҳим омилидир.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда бозор муносабатлари шароитида миллатлараро маданий-маънавий муносабатларнинг тобора ривожланиб бориши республикада ижтимоий ва сиёсий барқарорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
4 - ТТЖ тарбиячи-педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти,
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов.