Назариёт ва амалиёт омихталиги
Ҳозирги кунда, давр талабига жавоб берадиган мутахассисни тайёрлашда амалиётни ва назарияни бир бири билан боғлиқ холда олиб бориш катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Бу “Гидромелиорация” факультети, “Сув хўжалиги ва мелиорация” таълим йўналиши 205- ва 211 - гуруҳ талабалари учун амалиётни биринчи куниданоқ, мутахассислик бўйича жойлардаги ҳолатни билишга, англашга ҳамда соҳа бўйича билимини чархлашга ҳақиқий имконият яратилди десак, тўғри бўлади.
Талабалар 2018 йил 6 май куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрган куниданоқ ҳафта давомида (7-13 май кунлари) малакавий амалиёт ўтайдиган Сирдарё вилоятидаги сув хўжалиги объектлари режаси билан тўлиқ танишишди ва ўзларининг фикрларини билдирганлари ҳолда амалиётни ташкил қилган Институт раҳбарияти ва “Қуйи Сирдарё” ИТХБ мутахассисларига катта минатдорчилигини билдиришди.
Талабаларнинг таъкидлашича, амалиёт юқори даражада ташкил қилинишининг муҳим хусусиятлари бу: 1) Аниқ режа асосида мақсадга йўналтирилганлиги; 2) объектив-ҳиссий характери; 3) ёш бўлажак мутахассис касбига қизиқишнинг уйғониши; 3) амалиётга соҳа бўйича етук профессор-ўқитувчиларнинг ва жойлардаги мутахассисларнинг жалб қилинганлигидир.
Талабаларнинг Мирзаобод туман ирригация бўлимида ишнинг ташкил қилинганлиги, бўлим тасарруфидаги каналлар, жумладан Д-3 (Дўстлик-3) канали тўғрисида тўлиқ маълумотнинг берилиши ҳамда сув ҳисоб китобининг талабалар томонидан амалга оширилиши катта аҳамият касб қилди. Шу билан бир қаторда каналнинг умумий узунлиги бўйича сув исрофига сабаб бўлаётган бир қатор сабабларни мутахассислардан эшитишди.
Тумандаги каналлар ва фермерлар томонидан қўлланилаётган сув тежамкор суғориш технологиялари билан амалий томондан тўлиқ танишишга имконият яратилди. Амалиёт давомида тузилган режа асосида ишларнинг ташкил қилиниши натижасида келгусида мутахассислик фанларидан бериладиган назарий билимларга пойдевор яратилади деб бемалол таъкидлаш мумкин.
“Ирригация ва мелиорация” кафедраси доценти Бахтияр Матяқубов ахбороти,
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов.