Обуда университетидаги семинар-тренинг

Таълим босқичларининг турли поғоналари билим эгаллаш ва уни амалиётга қўллаш даражалари билан боғлиқ. Докторантура таълими илмий маълумот, назарий қонуният ва амалий фаолиятининг юқори даражаси сифатида аҳамиятга моликдир. Европа Иттифоқи кўмагида молиялаштирилаётган “DSinGIS: Геоинформатика соҳасида докторантура” лойиҳаси доирасида очилаётган Геоинформатика ихтисослиги ана шундай моҳиятга эга. Лойиҳанинг асосий мақсади – геоахборот тизим ва технологиялари орқали Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборатдир. Бугунги кунда геоахборот тизими кўплаб соҳаларда қўлланилиб, барқарор ривожланишга эришишда тезкор қарор қабул қилиш имкониятини яратади.

 

Мазкур лойиҳа доирасида жорий йилнинг 21-27 май кунлари лойиҳанинг координатори ҳисобланган Венгриянинг Обуда университетида ҳамкор ОТМлар координаторлари ва бошқарув ходимлари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда лойиҳанинг Ўзбекистондаги етакчиси ҳисобланган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари  институти (ТИҚХММИ) бошчилигида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Қорақалпоқ давлат университети, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти ҳамда Тошкент архитектура ва қурилиш институтидан жами 17 нафар ходим, шунингдек, лойиҳанинг Европа Иттифоқидаги ҳамкор ОТМлари –  Зальцбургдаги Париж Лодрон университети (PLUS, Австрия), Қироллик технология институти (KTH, Швеция), Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Лейбниц институти (IAMO, Германия) вакиллари иштирок этишди.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур лойиҳанинг асосий вазифалардан бири – Геоинформатика бўйича янги докторантура (PhD) ихтисослигини очиш бўлиб, мазкур вазифанинг дастлабки босқичи амалга оширилди, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг 2018 йил 26 январдаги 249/5 сонли қарори билан тасдиқланган Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхатига янги 11.00.07 – “Геоинформатика” ихтисослиги киритилди.

Обуда университетида ўтказилган семинар-тренинг Ўзбекистондаги геофазовий фанлар бўйича барқарор докторлик дастурини бошқариш учун ёрдам беради. Унда лойиҳанинг дастлабки ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси даврда қилинадиган ишлар бўйича аниқ режалар яратилди, таълим сифати масалалари (таълим сифатини текшириш, баҳолаш ва таъминлаш) ҳамда таълим тизимини халқаролаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф давомида таълим ва илмий соҳадаги хамкорликни, икки давлат ўртасида олий таълим тизимидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ТИҚХММИ ташаббуси билан Венгриянинг Обуда университети ҳамда лойиҳанинг Ўзбекистондаги ҳар бир ҳамкор ОТМлари ўртасида ўзаро халқаро илмий академик англашув  меморандумлари имзоланди.

Шунингдек, Венгрия Қишлоқ хўжалиги вазирлигида учрашув ташкил қилиниб, унда вазирлик, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда муҳандислик соҳасидаги бир қатор Венгрия ОТМлари ҳамда Венгриядаги Эрасмус+ офиси вакиллари томонидан тақдимотлар қилиниб, қатнашчилар ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича фикр ва тажриба алмашдилар.

Семинар-тренинг сўнгида қатнашчилар томонидан лойиҳа ва янги докторантура дастурини амалга оширишда бошқарувни яхшилаш бўйича бир қатор тавсиялар берилди.

Институт халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Илҳомжон Абдураҳмонов

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов.