Адиб даҳосига муносиб баҳо
Адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш адибларнинг адабий меросини синчиклаб ўрганиш улар илгари сурган ғояларни таҳлилий назардан ўтказиш билан ҳам боғлиқ. Президентимиз эътироф этганларидек, халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатувчи адабиёт одамлар қалбига йўл топиш ва уларни эзга мақсадлар сари илҳомлантиришда таъсирчан куч эканини билиш ва англаш киши дилига ҳузур бахш этади. Ўзбекистон қаҳрамони, Давлат мадҳиямиз матнининг муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ижодининг тарғиботи ва ташвиқоти масаласига Тошкент ирригация қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси жиддий киришгани ва бу борада анча ишларни амалга ошираётгани қувонарлидир. Институт ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевичнинг раҳбарлигида адиб ижодиёти ва фаолиятига доир янги маълумотларни тўплаш ва тадқиқ этиш вазифаси зиммамизга юклангани бизга чинакам маънода шу йўсиндаги иш режаси ва йўл харитасининг шаклланишига имкон туғдирди.
Институтда ҳам адибнинг ижодини тарғиб қилиш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилиб шоир ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган кўплаб маънавий-маърифий, бадиий ва ижодий тадбирлар гарчи онлайн тарзда бўлса ҳам аллақачон бошлаб юборилган. Жумладан, бу ишга бевосита мутасадди сифатида институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рузимурат Чориев “Ўзбекистон – 24” телеканалига берган интервьюсига мувофиқ, айни пайтда тузилган иш режасига кўра, Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил қилиш, адибнинг ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган онлайн-вебинарлар ташкил этиш, адиб туғилиб ўсган Қашқадарё вилояти Косон туманига талабалар саёҳатини уюштириш, шунингдек, институтда Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва шу муносабат билан республика миқёсида конференция ташкил этиш, Абдулла Орипов тўғрисида ҳужжатли фильм яратиш, институтда “Абдулла Орипов издошлари” тўгарагини ташкил этиш, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиш институт томонидан келгусида амалга оширилиши режалаштирилган. Яқинда Абдулла Ориповга бағишланган онлайн форум ташкил этилди. Унда улуғ шоирнинг рафиқаси ва қизлари, ҳозирда Америкада яшаётган катта қизлари Мавлуда Ориповалар иштирок этишди. Шунингдек, адиб ижодиётини, унинг серқирра фаолияти ва ижтимоий-фалсафий қарашларини ёритиш, таҳлил этишга қаратилган "Тафаккур томчилари" рукнидаги туркум кўрсатувларни тайёрлаш бошланди. Улар ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашишни истаган замондошларининг суҳбатларидан талабаларимизни баҳраманд қилиш учун "Интервью бурчаги" видеодастури ҳам ташкил этилди. Айниқса, Абдулла Орипов шеърларини овозли шаклда, яъни аудиодискларни тайёрлашга ҳам киришилгани эътиборга молик. Абдулла Орипов шеъриятидан таъсирланган талабаларимизнинг ижодий намуналаридан тузилган "Илҳом булоқлари" номли тўпламни ҳам ректоримиз сўз бошиси билан алоҳида китоб ҳолида чоп эттирилгани шу йўлдаги муҳим қадамдир.
Ана шу вазифалар сирасида амалга оширилган яна бир хайрли иш тарбиячи педагог Дилором Сагдуллаеванинг куни кеча шоир хонадонига бориб, уларнинг рафиқалари билан самимий суҳбат ташкил этиб қайтгани бўлди. Дилором Сагдуллаева улуғ шоирнинг аёллари Ҳанифа она билан учрашувларини шундай ҳикоя қилади. “Улар мени очиқ юз ва табассум билан кутиб олдилар. Институтимиз жамоаси томонидан қилинаётган ишлардан хурсандчилигини айтиб мени ичкарига таклиф этдилар. Ҳовлидан кирар эканман, чиройли, анвойи гуллар беихтиёр мени ўзига жалб этди. Абдулла Ориповнинг муҳташам ҳайкали оиласининг меҳрпарвар қўриқчиси, мустаҳкам қўрғонидек таассурот уйғотди менда. Дастлаб гуллар ҳақида Ҳанифа онани саволга тутдим. Ҳанифа она бу гулларни ўзлари етиштирганларини ва айрим кўчатларни чет элларга боришганида келтирганларини айтдилар. Абдулла акангизга илҳом бахш этадиган ҳовлимизнинг гўзал бўлиши учун ҳаракатларим бесамар кетмаган деб қўйдилар Ҳанифа она. Абдулла аканинг жуда меҳмондўст бўлганларини, деярли ҳар куни уйларига меҳмонлар ташриф буюришларини эътироф этдилар. Елиб-югуриб хизмат қилиш менга завқ берарди, - деди улар. Сўнгра психолог бўлганим учунми Абдулла аканинг табиати, характери ҳақида сўрадим. Абдулла акангиз кўп хаёл суриб, кўп ўйлаб ўтирардилар. Одатда, бундай пайтда янги бир шеърнинг яралишига сабаб бўларди. Ўшандай ҳолатда мен уларни безовта қилмас эдим. Улар ҳар бир қайғу ва ғамни ҳам юрагига олар эдилар. Ўта таъсирчан эдилар. Ёхуд танишларидан кимдир оламдан ўтса ўша куни ғамгин бўлиб кўп сиқиларди. Бирон хабар бўлса, уларнинг кайфияти ва руҳиятига қараб оҳиста айтар эдим.
Сўнгра Ҳанифа она мени Абдулла Ориповнинг ижодхонасига олиб кириб таништирдилар. У ерда адибнинг кўпгина китоблари, турли даврларда тушилган суратлар, чоп этилмаган 500дан ортик шеърларига кўзим тушди. Агар уй музейи очилса, барчасини музейга топширишини айтиб ўтдилар. Шунингдек, шоирнинг дам олиш ва овқатланиш хоналарини кўздан кечирдим. Яна бир хона беихтиёр диққатимни ўзига тортди. У ерда қўл меҳнати билан яратилган миллий сирға ва тасбеҳлар бор бўлиб, уларни бўш вақтларида Ҳанифа онанинг ўзлари ясаган эканлар. Ҳанифа она Абдулла Орипов фондини очиш кераклиги ҳақидаги таклифни бермоқчи эканлигини айтиб, бу фонд иқтидорли ёшларни қўллаб қувватлашга қаратилган бўлиши кераклигини эътироф этдилар. Ҳар бир буюк инсон ортида буюк аёл туради дейишади. Уларнинг ҳам буюк аёл эканликларига амин бўлдим. Шоирни шоир қилган аслида, умр йўлдошлари бўлар экан. Чунки, уларнинг асосий илҳом парилари ана шу вафодор ва жафокаш аёллари эканини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Президентимизнинг 2019 йил 6 март куни қабул қилинган “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги муносиб хизматлари учун бир гуруҳ хотин-қизлар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан мукофотланди. Улар орасида атоқли олимлар, шоир ва адибларнинг садоқатли умр йўлдошлари ҳам бор эди. Фармонга биноан Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафаева “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотлангани билан институтимиз жамоаси номидан табриклашни ҳам жоиз билдим.” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 24 мартда тасдиқланган «Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини комплекс ривожлантириш, жумладан, тоғли ҳудудларда экологик туризмни ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар дастури»да 2019 йил 9 майдан бошлаб ҳар йили Абдулла Орипов хотирасига бағишланган «GOLDEN WORD» халқаро адабиёт фестивалини ўтказиш вазифаси белгилангани ҳам муҳим ижтимоий ҳодисадир.
Бирор-бир давра йўқки, унинг шеърлари янграмаса. Ҳар куни мадҳия билан уйғонамиз, мадҳия билан уйқуга кетамиз. Устоз халқимиз қалбидан ўзининг бебаҳо ижоди, ўтли сатрлари, олмос фикрлари билан ўрин олган ижодкор. Абдулла акага насиб этган бахт, мартаба ҳамма ижодкорларга ҳам насиб қилавермайди. Хўш, бугун бизнинг шоир олдидаги вазифамиз нима? Айниқса, ёшларнинг вазифаси нима, деган саволларга шундай жавоб бериш мумкин. Абдулла Орипов шеърларидаги мазмун-моҳиятни, ҳикматни чақиш керак, келажак авлодларга бу бебаҳо меросни бус-бутун етказиш керак. Айтиш жоизки, ўзбек халқининг миллий ўзлигини англаш, мустақиллик учун курашларида Абдулла Орипов шеърияти алоҳида ўринга эга. Муҳаббат, она, ҳаёт, меҳр, истиқлол, эзгулик каби турли мавзуларни қамраб олган адиб шеърлари инсон қалбини ларзага солмай қўймайди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қарши шаҳри марказида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг фаолият бошлагани, мактаб хиёбонида шоир ҳайкали қад ростлагани, шунингдек, мактаб негизида адибнинг барча асарлари ва бошқа ижодкорлар китобларидан иборат кутубхона ва музей ташкил этилгани адиб хотирасига меҳҳрли эҳтиром нишонасидир.
ТИҚХММИ матбуот хизмати