Талаба-ёшларнинг академик билан учрашуви
Бугунги пандемия шароитида ҳам талаба-ёшларимизни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида, факультет раҳбарияти ташаббуси билан техника фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги Мирзиёд Мирсаидович Мирсаидов билан Zoom платформаси орқали онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Онлайн-тадбирга факультетнинг профессор-ўқитувчилари, иқтидорли ташаббускор талаба-ёшлар ҳамда 1 курс талаба-ёшлари иштирок этишди. Факультет декани Ш.Нарбаев модераторлик қилиб, учрашувни кириш сўзи билан очаркан, бугунги мураккаб таҳликали замонда талабаларимизда илм-фанга қизиқишни ошириш, уларни ёт ғоялардан асраш, ватанпарвар, мард ва жасур, маърифатли авлод этиб тарбиялашда бундай тадбирлар муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида тўхталди. Сўнг мамнуният билан академик М.Мирсаидовга сўз берди. М.Мирсаидов ўз сўзида юртбошимизнинг фанда эришилган ютуқларнинг амалиётга тадбиқ қилинишига катта эътибор бераётганлигига, юқори натижаларга эришган илмий ходимлар албатта келгусида тақдирланишига ҳозирги кунда Президентимиз томонидан тўла имконият яратилаётганлигини айтиб ўтди.
Ҳурматли Президентимиз илмдаги энг катта илмий натижаларни илмий тадқиқот ва олий ўқув юртларида ишлаётган ёшлардан кутаётганлигини ва бу бажарилаётган илмий ишлар, инновация ғоялари, янги технологиялар ва уларнинг тадбиғи билан якунланиши ҳақида ҳам М.Мирсаидов гапириб ўтди. Талабалар ва факультетнинг профессор-ўқитувчилари М.Мирсаидовга кўп саволлар бердилар. Берилган барча саволларга М.Мирсаидов тўлиқ жавоб қайтаришга ҳаракат қилди. Шу билан бирга М.Мирсаидов ўз сўзида илмда юқори натижаларга эришиш учун ёшларимиз тинмасдан меҳнат қилиб, яхши ўқишлари ва ҳар томонлама етук мутахассис бўлиш учун эса чет тилларини яхши билиши ва китобларни кўп ўқишга ҳаракат қилишлари керак деб таъкидлади. М.Мирсаидов келажакда давлатимиз томонидан қўйилаётган долзарб муаммоларни ечиш учун бу институтда етарли шароит борлигини, бу институт билан ЎзР ФА ва ТИҚХММИ ўртасидаги интеграцияни ривожлантириш кераклигини айтиб ўтди.
Бу суҳбатлардан кейин ёшларда ишонч ва кўтаринки руҳ пайдо бўлганлигини факультет декани Ш.Нарбаев ўз сўзида айтиб, Президентимиз ишончининг факультет талаба-ёшлари томонидан албатта, оқланишига ишонч билдирди. Ўз навбатида эса академик Мирзиёд Мирсаидов бу йил биринчи курсга қабул қилинган талабалар келгусида етук олим ёки етук мутахассис бўлиши учун нима қилиш кераклиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Учрашув талабалар билан ўзаро мулоқот руҳида ўтганлиги боис уларни қизиқтирган қатор саволларига жавоб берилди.
ЕРБ факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳуррият Эшова ахбороти
Институт матбуот хизмати