ИНСТИТУТ РЕКТОРИ, ПРОФЕССОР Ў.УМУРЗАКОВНИНГ ЁШЛАРГА ТАБРИГИ
Ассалому алайкум азиз ва қадрли талаба ёшлар!
Сизларни ҳар йили завқ ва интиқлик билан кутадиган байрамингиз, яъни “Ёшлар куни” билан сизларга таълим бераётган барча устозлар номидан чин дилдан табриклайман.
Бугунги кунда институтимиз ёшлари таълим олиши, замонавий лабораторияларда ўқув ва илмий тадқиқотлар олиб бориши, интеллектуал қобилиятини намоён қилиши, маданий хордиқ чиқариши ва жисмонан чиниқиши, келажакда ўзлари танлаган соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиб етишиши учун барча шароитлар муҳайё қилинган.
Куни кеча муҳтарам муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон ёшларига табригида "Ўтган қисқа даврда жамиятимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаган бу байрам давлатимиз, халқимиз ўз фарзандларининг бахти ва камоли учун ҳеч нарсани аямаслигини, мамлакатимиз ёшлари ҳам Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билишини яққол ифода этмоқда", дея таъкидладилар.
Дарвоқе, ушбу табрикда ёшларга юқори эътиборнинг яққол намунаси кўриниб турибди. Бунда, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ёш тадбиркорларга, айниқса, қизларимизга ҳунармандлик билан шуғулланишлари учун кредитлар ажратиш, таълим олиши учун 800 та давлат грантини ажратилиши, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш, фермерликни қўллаб-қувватлаш каби саъйи ҳаракатлар доимо давлат ва ҳукуматимиз диққатида бўлиб турибди.
Бугун сиз таълим олаётган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари инсититути билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари рейтингида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 2018 йилда 3- ўринни эгаллаган бўлса, 2019 йил натижалари бўйича 2-ўринни қайд қилди.
Ҳозирда жаҳон университетларининг халқаро рейтингини аниқловчи Quacquarelli Symonds (QS) рейтинг агентликлари томонидан “Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё” (Emerging Europe and Central Asia – EECA) рейтингида мамлакатимизда биринчи бўлиб Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти мазкур рейтингида 301+ ўринни қайд этган.
Бундан ташқари, худди шундай яна битта халқаро рейтинг агентлиги Times Higher Eduducation (THE) томонидан ҳам Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари инсититути “Тоза сув ва санитария” йўналишида - 201-300 ўрин, “Ердаги ҳаёт” йўналишида 201+ўринни эгаллаб, дунё университетлари рейтингида соҳаси бўйича 201+ ўринни қайд этди.
Албатта бунинг заминида сизларга таълим бераётган устозларнинг машаққатли меҳнатлари ва сизлар эришган ютуқларни кўриш мумкин.
Олдинда режаларимиз жудаям бисёр ва юқори. Бу борада институтимиз ёшлари яхши билим ва ақл идроки билан ҳар ишда ташаббускор ва тараққиётга қўш-қаноат бўлишлари зарур.
Кези келганда эътироф этиш керакки, пандемия шароитида баъзи имкониятлар қисқарган бўлсада, биз таълимни бир сония бўлсада, тўхтатмадик. Барча имкониятлар сафарбар қилиниб, масофавий таълим йўлга қуйилди. Тўғри, талаба ёшларимиз бу борада қай даражада фаол бўлгани ўзингизга ҳавола.
Фаол, етакчи талабалар ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан жамоатчилик тадбирларида фаол қатнашиб туришди. Уларнинг фидойилиги нишонаси сифатида институтимиз Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Акмал Бердимуродовнинг "Ўзбекистон белгиси" кўкрак нишони билан тақдирланиши, институтимизнинг барча ёшларишга берилган баҳо деб биламан.
Барча ҳаракатларимиз ёшларни эзгу мақсадлар сари жипслаштириш, ватанга меҳр ва муҳаббат, олий малакали касбга садоқат билан тарбиялашдан иборат.
Табригим якунида барча ёшларимизни яна бир бор “Ёшлар куни” билан табриклаб, соғлик саломатлик, ўқишларида улкан ютуқлар ва келгусидаги ишларида юксак муваффақиятлар тилаб қоламан.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, Республика олий таълим кенгаши раиси, профессор Ў.П.Умурзаков