Сайр ва сайл
Бу йилги наврўз ўзгача руҳ ва ўзгача шукуҳ билан кириб келганини халқимизнинг кўтаринки кайфиятидан, ватанимизнинг ҳар томонлама тараққиётини белгиловчи улуғвор стратегия сари дадил одимлаётганлигидан, касбий масъулияти ва фуқаролик бурчини тўла ҳис этаётганлигидан англаб олиш қийин эмас. Табиат ва жамиятнинг гултожи бўлган инсон қалбида баҳорий илиқлик ва наҳорий тиниқлик ҳукмрон бўлар экан, у сайл ва сайрга айрича э'тибор билан қараши, шубҳасиз.
Байрамона кайфият, наврўзона нашида ён атрофдаги касбдошларингизнинг юз-у кўзларида акс этиб турганини кўриш, турли хил шарлар, ранго ранг гуллар билан безанган декорациялар атрофида туриб самимий табрикларни изҳор қилишнинг ўзи улкан бахт, аслида. Тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган замон ва маконда яшаш мароқли, осмони мусаффо заминда байрам шодиёналарига шерик бўлиш ва шерик қилиш ҳам ғоят моҳиятлидир.
Институтимизда ташкил этилган, умумхалқ байрами - Наврўзи айёмга бағишланган тадбирни кузата туриб юқоридаги фикрлар беихтиёр хаёлимиздан кечди. Байрамона зийнатланган дастурхонлар атрофидаги дилтортар суҳбатлар, республикамизнинг турли вилоятларида тайёрланадиган таомлар, ҳар хил пишириқлар киши дилини қувнатади. Айниқса, муайян вилоят ҳудудига хос бўлган урф-одат ва ўйин-кулгиларни айтмайсизми. Институтимизнинг ички ҳовлиси ҳудудига ҳар бир факултет учун ажратилган жойдаги томошаларнинг завқидан баҳраманд бўлиш талаба ва ўқитувчиларга бирдек ҳузур бағишлади. Институт ректори бошчилигида бир гуруҳ профессор ўқитувчилар факултетларга ажратилган ҳудудларга бориб уларнинг сан'атлари ҳамда ноз-неъматларидан баҳраманд бўлиш асносида баҳо беришди.
Кейин эса катта байрамона тадбир - концерт дастури факулътетларни жамлаган ҳолда, институтинг марказий биноси олдига кўчирилди. Таниқли санъаткорлар иштирокидаги байрам дастури жозибадор рақслар, шўх ва ўйноқи яллалар билан уйғунлашди.
Институтимиздаги тадбир ҳам Республикамиз Президенти ташаббуси билан ўтказилган катта Наврўз сайлига ҳамоҳанг бўлганлигини та]кидлаш ўринлидир.
Навоий ҳазратларининг ушбу битики бежиз айтилмаган.
"Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз!"
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов