Шеърдан завқ олмаган ким
Мунтазам равишда ҳафтанинг ҳар душанба куни ташкил этиб келинаётган “Ибратли ижодкор инсонлар” рукнидаги навбатдаги тадбиримиз “Шеърият тақдиримда” номланган бўлиб, унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоят бўлими раҳбарининг ўринбосари, “Шуҳрат” медали соҳиби, истеъдодли шоир Ботир Эргашев иштирок этдилар. Улар институт меҳмонимиз бўлдилар.
Ботир Эргашев шеърларида муҳаббат, диёнат, гўзаллик ва ёруғлик тараннум гўзал ва ёрқин бўёқларда акс этган. Маълумки, Ботир Эргашевнинг шеърлари элимизга манзур ва мақбул бўлган санъаткорлар – Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитовна, Абдурашид Йўлдошев, Зулайҳо Бойхонова, Муножот Йўлчиева, Зиёда Қобиловалар томонидан қўшиқ қилиб куйланмоқда. Уларнинг аксарияти аллақачон халқимизнинг дилига жо бўлмоқда.
Устоз, модератор Раҳимбой Жуманиёзов тадбирни бошланишидан олдин Ботир Эргашев ҳақида мухтасар маълумот бериб ва шоир томонидан ёзилган шеърларнинг бир нечтасини ўқиб эшиттирдилар. Шундан сўнг меҳмон саҳнага чорланди.
Ботир Эргашев шоир кўнглидаги халқ дардини қалам ва қоғоз билан сирлашишни маҳорат билан уддалай оладиган истеъдодлардандир.
Тадбир давомида халқимизнинг кўнглидан жой олган санъаткорлардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз ташриф буюриб шоирнинг шеърлари билан айтиладиган қўшиқларини ижро этиб, тадбир иштирокчиларни бениҳоя мамнун қилди.
Тадбирнинг сўнгида ўқитувчи ва талабалар томонидан шоир ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Тадбирда энг яхши савол соҳибларига шоирнинг яқинда чоп этилган “Жонинг соғ бўлсин” деб номланган китоблари тақдим этилди.
“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов