“Китоб дунёси” ва спорт мажмуаси очилди

Бугун 7 сентябрь куни эрталаб соат 10.00.да Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида талаба ва педагогларнинг маънавий ва жисмоний эҳтиёжини назарда тутган ҳолда, иккита хайрли ташаббус ўз натижасини кўрсатди.

Даставвал, “Китоб дунёси” дўконининг, китоблар хазинасининг очилиши институт аҳли учун маънавий туҳфа бўлди дейиш мумкин. У ерга 3 мингдан зиёд турли хилдаги илмий, публицистик ва бадиий адабиётлар, турли нашриётларда чоп этилган  китоблар териб қўйилганди.

Институт ректори Ўктам Пардаевич Умурзаков, аввало, даврада жам бўлган талабалар ва педагогларга китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни борасида нутқ ирод қилдилар. Бу ташаббус ва ташкилотчилик эса муҳтарам Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларининг ижроси ўрнида ҳам аҳамиятли бўлди.

Сўнгра “Китоб дунёси” маънавий-маърифий мажмуаси тантанали равишда очилди ва талабалар китоблар хазинасига таклиф этилди, уларга турли китоблардан улашилди.

Иккинчи тадбир эса қисқа муддатда қуриб битказилган янги спорт комплексининг очилиши билан боғланиб кетди. Футбол, волейбол, югуриш йўлаги, бадминтон каби спорт ўйинларидан таркиб топган спорт комплекси ўзининг гўзал ва қулайлиги билан барчанинг эътиборини тортди.

Ректор ўзларининг табрик нутқида ақлий ва жисмоний кучга эга бўлган ёшларгина баркамол авлод ва юртнинг эртасига, истиқболига дахлдор бўлишларини уқтириб ўтди. Сўнгра спорт комплексини тантанали равишда очиб, қизил тасмаларни қирқиш орқали барча иштирокчиларни қутладилар.

“Ирригатор” жамоаси аъзолари футбол майдончасига таклиф этилди. Ректоримиз ҳар иккала жамоа мусобақага киришишидан олдин  тўпни тепиб ўйинни бошлаб бердилар. Қизғин футбол ўйини, сўнгра эса волейбол мусобақаси бошланди.

Маънавий ва жисмоний қудратга, камолотга бевосита тааллуқли бўлган ҳар иккала тадбир институт ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлиши аниқ.

 

ГИМ факультети “Гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов