Сув келди - нур келди
2018 йил 27 март куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 4-сонли талабалар турар жойида “Гидромелиорация” факультети “Педагогика психология ва ўқитиш методикаси” кафедраси ўқитувчи ходимлари доцент Тойчи Бойтўраев ва катта ўқитувчи Захро Мирходжаевалар “22-март - Халқаро сув куни” га бағишланган давра суҳбати ўтказишди.
Сув – обиҳаёт, у ҳам худди қуёшдек инсон ва табиат учун жуда муҳимдир. Сув инсонда нафақат чанқоқликни қондириш, ҳайвонот ва ўсимликни озиқланиши учунгина керак бўлмай, балки мамлакатнинг иқтисодий-сиёсий, ижтимоий ривожланишида ҳам муҳим роль ўйнайди.
Ер шарининг 70% и сувдан иборат, унинг 97,5 % и – бу шўр сув, 2,5% и –чучук сув, яъни ичимлик суви, 68,7 % и музликлардан иборат сувдир. Дунё бўйича 663 млн. одам сув танқислигидан қийналадилар. 20 асрда сувни ишлатиш 6 мартага кўпайди. Ривожланган шаҳарларда сувнинг 30% и ҳар-хил сабаблар билан исроф қилинади.
Биринчи марта сув кунини нишонлаш тўғрисида 1992 йили Рио де Жанейро шаҳрида бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ривожлантиришга бағишланган конференциясида гапирилган эди.
“Ҳалқаро сув куни” ни нишонлаш 1993 йил 22 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг конференциясида 47/193 - сонли резолюцияси билан белгиланган эди. Шундан бери ҳар йили ҳамма мамлакатларда сув куни нишонланиб келади.
Халқаро сув кунининг асосий мақсадлари қуйидагилар:
- Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш;
- Аҳоли ўртасида ичимлик сувини тежамкорлик билан ишлатишни тарғиб қилиш;
- Сув кунини дунё бўйича нишонлашни давом эттириш орқали яхши натижаларга эришиш.
Ҳар йили сув кунини нишонлашда турли шиорлар қабул қилинган: “Сув ресурслари ва меҳнатни ташкил этиш”, “Сув ва энергия”, “Шаҳарлар учун сув”, “Сув ҳаммага етадими?”, “ Табиат ва сув”, “ Сув ва инсон саломатлиги”, “Сув ресурслари ва фавқулодда ҳодисалар”, “Сув танқислиги муаммоларини ҳал қилиш чора-тадбирлари” ва бир қатор бошқа шиорлар қабул қилинган.
Бизнинг мамлакатимизда ҳам сувни тежаб ишлатиш, ичимлик ва дарё сувларини режа асосида ишлатиш юзасидан бир қатор муҳим тадбирлар ишлаб чиқилган ва улар асосида ишлар олиб борилаяпти.
Аҳоли ўртасида ҳам тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари мунтазам олиб бориляпти. Сувни тежаш ва уни исроф қилмаслик ҳар биримизнинг бурчимиздир.
4–ТТЖ тарбиячи-педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов