“Ер хазина – томорқа бебаҳо бойлик” тадбирларида фаол иштирок этайлик!
Дунё миқёсида коронавирус инфекцияси кенг тарқалиб бораётган бир шароитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз – ёшларни ҳам қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари халқимизга мурожаатида “Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман: Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг” дея таъкидлади.
Бу чақириқ барча ёшларни тушкун кайфиятга берилмасдан, ўқиш ва изланишга чорлади, зўр қудрат, илҳом берди. Президентимиз биздан ташаббускорлик, ҳамжиҳатлик, келажакка бўлган ишончни янада ошириб, интилиш ва билим олишни, меҳнат қилишни, кичикларга ўрнак бўлиб, катталардан ҳаётий билимларни ўрганишимизни сўрамоқда.
Сир эмас, бугун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолди. Шу боис, давлатимиз раҳбари 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳолини ўз томорқасидан унумли фойдаланишга чақирди.
Азиз тенгдошлар, ҳурматли ёшлар!
Шундай экан, онлайн дарсларни мукаммал ўзлаштириб, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўзимиз истиқомат қилаётган қишлоқда, оиламиз томорқасида мева-сабзавот ва полиз экинлари экиш ишларига фаол кўмаклашайлик! Бу билан, аввало, оиламиз, халқимиз дастурхони фаровонлигига кўмаклашамиз, ўз навбатида, жисмоний чиниқиб, фаоллигимиз ошади. Шунингдек, устозлардан олган сабоқларни амалиётга жорий этиш ва мунтазам равишда онлайн маслаҳатлар олиб бориш имконига эга бўламиз. Шу жараёнда зиёли қатламнинг бўлажак вакили сифатида томорқа экинларини экиш ва етиштиришда мамлакатимиз томонидан жорий этилаётган имтиёзлар ва преференциялар билан аҳолини таништириб боришга ҳисса қўшайлик
Бир сўз билан айтганда, “Ер хазина – томорқа бебаҳо бойлик” тадбирларида фаол иштирок этиб, ҳар биримиз намуна бўлишга эришайлик. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ота-оналаримиз олдида туриб, томорқада иш ташкил қилишни ва самарали фойда олишни юқори даражага кўтарайлик, шахсий ўрнак кўрсатайлик, фаолликни намоён қилайлик. Албатта, “Соғлом танда – соғ ақл” шиори билан бирлашиб, Президентимиз ғояларига садоқатимизни намоён этайлик. Айниқса, бу жараёнда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасалари талабалари ташаббускор ва олдинги сафда туриши керак. Азиз дўстлар, яна бир бор барчангизга соғлик-саломатлик тилаймиз. Юртимиздан бу синовли кунлар тезроқ тугашига ва қийинчиликларни уйда қолиб, сабр билан енгиб ўтишимизга ишонамиз. Мамлакат ижтимоий-иқтисодий фаолиятида янада масъулиятли ва фаол бўлишингизни сўраймиз.
Ёшлар иттифоқининг Тошкент ирригация ва қишлоқ
хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти бошланғич ташкилоти
талабалар кенгаши.