Туркиялик таълим мутахассислари билан ҳамкорлик

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) Туркиянинг Карабук университети, шунингдек, Мунзур университети билан “Мевлана” дастури доирасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида 2 та шартнома имзолади. Шартномани бир томондан ТИҚХММИ ректори Ўктам Умурзаков, иккинчи томондан Карабук университети ректори Рефик Полат, шунингдек, Манзур университети ректори Убейде Ипек имзоладилар.

“Мевлана” алмашинув дастури Туркия  олий ўқув юртлари ва бошқа давлатларнинг олий таълим муассасалари ўртасида талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар алмашинувини кўзда тутувчи дастур бўлиб, мазкур дастур бошқа алмашув дастурларидан фарқли равишда ўз минтақаларидан қатъий назар дунёдаги барча олий таълим муассасаларини ўз ичига олади.

Мазкур “Мевлана” алмашнув дастури доирасида имзоланган шартномалар 2018-2023 йилларга мўлжалланган бўлиб, улар доирасида ТИҚХММИ ҳамда Туркия ОТМлари ўртасида ўзаро профессор-ўқитувчи ҳамда талабалар алмашинуви ташкил этилади.

Бу икки давлат учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, халқаро лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга бўлган Туркия ОТМлари билан имзоланган шартномалар фақатгина алмашинув дастури бўлибгина қолмасдан, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида юқори билимга эга бўлган, бугунги иқтисодиётнинг шиддат билан ривожланаётган даврда қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларида мазкур соҳани истиқболли натижаларга олиб чиқа оладиган, юқори билим, кўникма ва тажрибага эга бўлган инновацион қарашларга эга кадрларни етиштиришда дастурил амал бўлади.  

ТИҚХММИ ва Туркиянинг юқори салоҳиятга эга бўлган Карабук университети ўртасида имзоланган шартнома доирасида 12 нафар профессор-ўқитувчилар ва 12 нафар талабаларнинг, шунингдек, ТИҚХММИ ва Мунзур университети ўртасида имзоланган шартнома доирасида 15 нафар профессор-ўқитувчилар ҳамда 12 нафар талабаларнинг ўзаро алмашинуви амалга оширилади. Бунда профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш учун ҳамда талабаларнинг таълим олиш учун ҳамкор ОТМларга юборилиши асосий мақсад ҳисобланади.

Бу таълим жараёнида икки давлат ўртасида амалга оширилаётган муҳим тадбирлардан бири бўлиб, икки мамлакат фан, таълим ва инновацион фаолият бўйича бажарилаётган илмий изланишлар ва қўлланилаётган технологиялар билан яқиндан танишиш, таълим муассасаларида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари ҳамда тажрибалар билан танишган ҳолда, иқтисодиётнинг қишлоқ ва сув хўжалиги тармоғида юқори малакали, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда катта аҳамиятга эгадир.

Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Илҳом Абдураҳманов ахбороти

Институт матбуот котиби  Раҳимбой Жуманиёзов