Улуғларни ёд этиб

2018 йил 9 февраль куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 4-сонли талабалар турар жойида “Гидромелиорация факультети”, “Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси” кафедраси ўқитувчи ходимлари Шохида Раупова ва Дилфуза Мадазизова, тарбиячи педагог Жавлонбек Қутлимуротовлар томонидан Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллигига бағишланган “Улуғларни ёд этиб” номли адабий-бадиий тадбир ўтказилди.

 

Алишер Навоий турк дунёси адабиётининг энг машхур вакилидир. Чунки ҳеч ким унга қадар бу тилда бунчалик кўп ва хўб ёзмаган эди. Навоий барча туркий халқларнинг энг буюк шоиридир.

 

Чунки, у ўзини “Хитойдан то Хуросонгача ёйилган туркий қавм”ларнинг хос шоири, деб билди. Уларни бир адабий тил байроғи остида бирлаштирди, “якқалам” қилди. Буюк шоир тақдир тақозоси билан Хуросонда, унинг пойтахти Ҳиротда яшаб ўтди. Қадим замонлардан, шу жумладан, Навоий яшаган даврдан буён ҳам Хуросон ва Мовароуннаҳр бир мамлакат бўлиб, бир тахт эгаси ихтиёрида келганлиги ва ахолисининг асосий нуфузини туркий халқлар ташкил этганлиги маълум.

 Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоийнинг тили Андижон шеваси билан “рост”лигини айтади. Бинобарин, биз қадим турнинг энг муҳим бугунини ташкил этган ва бугун ўзбек миллати бўлиб шаклланган Ўзбекистон аҳли буюк Навоийнинг бевосита ворисларидурмиз.

Ғазал мулкининг султони Навоий нафақат шеърият, балки кўнгилларнинг ҳам султони эди. У умр бўйи эл учун, халқ учун яшади. Шу боис ҳам буюк аждодимиз шундай дейди: “Одами эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”.

 

Буюк Алишернинг қалби буюк эди. Унинг қалб хаяжонларида нафақат бутун элнинг, миллатнинг, балки жахон халқларининг инсониятнинг акс садоси бор эди. Эл деса Навоийни, биз ҳам уни устоз деймиз, пир деймиз ва албатта, буюк меросини ўрганиб, ибрат оламиз.

Беш асрким назмий саройни

Титратади занжирбанд бир шеър

Темур тиғи етмаган жойни

Қалам билан олди Алишер.

Тадбир жуда чиройли ва сермазмун ўтди.

 

 

4 –ТТЖ тарбиячи педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов