Сув масаласи - умумбашарий муаммо

Бугунги кунда сув муаммоси ер юзи аҳолисини ўйлантираётган, жиддий ташвишга солаётган  муҳим масалалардан экани сир эмас. Шунинг учун ҳам бу борада ҳамкорликдан катта натижалар кутиш мумкин. Бутунжаҳон банкининг сув масалалари бўйича директори Гуан Чже Чен бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 18 июн куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини мезанизациялаш муҳандислари институтига ташриф буюришди. Ташриф давомида делегация аъзолари институтдаги ўқув – амалий лабораториялари билан яқиндан таништирилди.

Сўнгра институт ректори меҳмонларни “Инновациялар ва илмий-тадқиқотлар кластери” марказига таклиф этди. У ерда институт магистрантлари, ёш тадқиқотчилар ҳамда Қозоқ-Немис университетининг ёзги мактаб иштирокчилари меҳмонларни очиқ чеҳра билан қаршилашди. Давра суҳбатига модераторлик қилган институт ректори Ў.Умурзаков ташриф буюрган меҳмонларни қутлаб, иштирокчилар билан таништирдилар. Даставвал, профессор Абдулҳаким Салоҳиддинов делегация аъзоларига институт тарихи ва бугунги кундаги илмий-педагогик салоҳият, таълим тизими ва дастурлар бўйича атрофлича маълумот берди. 

Делегация раҳбари жаноб Чен эса Бутунжаҳон банкининг сув масалалари юзасидан олиб бораётган ислоҳотлари ва лойиҳалари хусусида сўз юритди. Шунингдек, сув  ресурсларидан барқарор фойдаланишнинг аҳамияти, қишлоқ хўжалиги мақсадида истифода этиладиган сувдан унумли ва тўғри фойдаланиш, мавжуд чучук сув миқдорини сақлаб қолиш ва унинг механизмини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Айни пайтда,  чучук сувнинг ифлосланиш даражаси юқори кўрсаткичга эга бўлган давлатларга Бутунжаҳон банки томонидан ажратилган молиявий ёрдам ва лойиҳаларнинг долзарблиги борасида ҳам эътиборли мулоҳазаларни илгари сурди.  Давра суҳбати давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича делегация аъзоларига мурожаат қилишди ва тегишли жавобларни олишди. Тадбир якунида делегация аъзоларига институт раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди. 

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов