Юқори даражадаги суғориш технологияси

Бугун 27 январь куни соат 11.30 да “Қишлоқ ва сув хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш” факультети 4 - босқич 8 - гуруҳ талабларига институтимизнинг 11 қаватли биноси 706-аудиториясида “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш” кафедраси доценти, т.ф.н. Усманов Азиз Магдалиевич “Автоматизация технологии поверхностного полива” мавзусида очиқ маъруза машғулотини тақдим этди.

Очиқ маърузада кафедра катта ўқитувчиси Элмурод Бозоров, стажёр- ўқитувчи Азиз Абдуғаниев, Ўқув-методика бошқармаси мониторинг гуруҳи аъзолари Дадахон Ходжаев ҳамда Мафтуна Тошевалар иштирок этишди.

Ўқитувчи маърузани бошлашдан аввал Президентимизнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сўзлаган нутқида келтирилган фактларни талабаларга эслатиб, битирувчи талабаларнинг соҳага киришиши, янги технологияларни жорий қилиш зарурлигини қайд этди. Айни пайтда,  соҳа доир муҳим омиллар борасида сўз юритди.

“Сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган тадбирлар қўллаб-қувватланиб, бунинг ташаббускори бўлган хўжалик ва ташкилотларга қўшимча имтиёз ва преференциялар яратиб берилмоқда. Натижада бугунги кунда қарийб 240 минг гектар майдонда ана шундай технологиялар, жумладан, 28 минг гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди.

2017 йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинди, 2 та янги қўмита ва 3 та уюшма тузилди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолияти тубдан такомиллаштирилди.

Қишлоқ туманларида ҳокимларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинди. Ўзбекистон Фермерлари кенгаши Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этилди.

Энди ана шундай ўзгаришлар амалий натижа ва самара бериши учун барчамиз бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз керак.

Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш режалаштирилган” - деб таъкидлаган эди Президентимиз ўз нутқида.

Очиқ маърузада ўқитувчи фанга оид суғориш тизимидаги янги тежамкор технологиялар, уларни автоматлаштириш, сувни тежаш, сифатли ҳосил олишда ҳар бир эгатга сув юборишда алоҳида ёндашиш ҳақида кенг тушунчалар бериб ўтди.

 

Ўқув-методика бошқармаси мониторинг гуруҳи аъзоси Мафтуна Тошева ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов