“Янги профессионал таълим тизимининг таркибий тузилмаси, мазмуни ва фаолият турлари” мавзусида Устоз-шогирд тизимида БИНАР дарс ташкил этилди
Бугунги кунда амалиётнинг учта талабидан унумли ва ўринли фойдалана олиш билим, тажриба ва кўникмани тақозо этиши тайин. Ижтимоий масофаланиш, уйда қолиш ва масофадан ишлашга амал қилиш асносида таълимнинг масофавий имкониятларидан фойдаланишда ибрат бўлаётган таълим муассасалари ҳам кундан кунга кўпайиб бораётгани аҳамиятга молик. Ушбу маърифий мақсадни ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширишда бугунги кунда тобора оммалашиб бораётган Zoom дастури анча қўл келмоқда. Бир пайтнинг ўзида 300 га яқин иштирокчи билан боғлана олиш, маълумотлар етказиш, мавзулар бўйича саволларга жавоб бериш ҳамда ўзаро мунозараларга кириша олиш имкониятлари мужассам унда. Таълим жараёнининг муҳимлигини, уни талабалар онгига сингдиришдек мақсадга бефарқ бўлмаган педагоглар жамоаси бу масалада ҳам илғор.
Мана, бир неча ҳафтадирки, деярлик ҳар куни талаба ва педагоглар билан ўқув фанлари бўйича шунингдек, маънавий-маърифий мавзуларда масофавий дарс ва суҳбатларни уюштиришда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг “Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси” кафедраси етакчиликни қўлдан беришмаяпти. Улар томонидан ҳалигина соат 11.00.да ташкил этилган “Гидромелиорация” факультетининг Касб таълими йўналиши 318-гуруҳ талабалари билан “Касб Таълими Методикаси” фанидан “Янги профессионал таълим тизимининг таркибий тузилмаси, мазмуни ва фаолият турлари” мавзусида Устоз-шогирд тизимида БИНАР дарс ташкил этилди. Бу ҳақда бир ҳафта олдин эълон берилгани ҳам моҳиятлидир. Видео машғулотга барча профессор-ўқитувчилар ва қизиқувчилар таклиф этилганди.
“Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси” кафедраси Исмоилова Зуҳра Карабоевна мавзу юзасидан маълумот берди. Институтимизнинг 3-курс талабаси, президент стипендианти Соҳиба Имомалиева модератор сифатида фаолият юритди. Мавзу юзасидан савол ва маълумотлар бериб суҳбатга жон киритган институтнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Р. Чориев ва проф.в.б. Б. Матякубовлар жонбозлик кўрсатишди. Кейинги галги Zoom дастури орқали чиқишларда республикамизда ўз қобилиятлари ва фаолияти билан кенг жамоатчиликка яхши таниш ва ўрнак бўлиб келаётган таниқли санъат ва маданият ходимлари, шоир ва ёзувчилар, ибратли, иқтидорли машҳур инсонлар билан жонли мулоқотларни ташкил этиш ҳам режалаштириб олинди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати