Абитуриентларга эслатма
Абитуриент қабул комиссиясига тегишли ҳужжатларни топшириши, топширган ҳужжатларига мос маълумотлар абитуриентлар базасига тўғри киритилганини тасдиқлаши лозим. Қабул жараёни тугагандан сўнг абитуриентнинг мурожаатлари (шикоятлари) инобатга олинмайди.
Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади. Тест синовлари жараёнида абитуриент қуйидаги ҳуқуқларга эга:
-
- саволлар китобчасидан қоралама сифатида фойдаланиш;
- тест топшириқларини белгиланган муддатдан олдин бажариш, ундан сўнг тест материалларини тартиб билан гуруҳ назоратчисига топшириш ҳамда тест синовлари ўтказиладиган ҳудуддан чиқиб кетиш.
Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена соат 13:00) гача, бинога соат 07:30 (иккинчи смена соат 13:30) гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорт билан шахсни идентификатсиялаш воситалари ҳамда видеофиксатсия қурилмалари орқали тартибли равишда кириши, тест синовларини ўтказиш қоидаларига қатъий амал қилиши билан биргаликда, биринчи сменада соат 07:30 дан 08:00 гача, иккинчи сменада соат 14:30 дан 15:00 гача қуйидаги ишларни амалга оширишга мажбур:
-
- тест топшириқлари китоби ва унга мос рақамли жавоблар варақаси рақамлари мослигини текшириш;
- тест материаллари нуқсонсизлигини текшириш ва нуқсон борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига ҳабар бериш;
- жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаш;
- тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойга фамилияси, исми, отасининг исмини ёзиб, имзо қўйиш;
- жавоблар варақаси рақамини абитуриент рухсатномаси ва титул варақасининг тегишли жойига тўғри кўчириб имзо қўйиш;
- титул варақасида кўрсатилган махсус код ва таълим муассасаси кодини жавоблар варақасида кўрсатилган жойга тўғри кўчириб ёзиш ва тегишли доирачаларни бўяш.
Абитуриент юқорида кўрсатилган мажбуриятларидан ташқари қуйидагиларга шахсан жавобгар ҳисобланади:
-
- жавоблар варақасини ҳаво ранг пастали шарикли ручка билан тўлдириш;
- жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғига ёзмаслик, жавоблар варақаси рақами остида жойлашган доирачаларни бўямаслик;
- жавоблар варақаси билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлганлиги учун уни тўғри тўлдириш;
- белгиланган вақт тугагунига қадар тест топшириқлари китобида мавжуд тест топшириқларини бажарган ҳолда жавоблар варақасининг мос тартиб рақамидаги тегишли доирачаларини бўяб, тест топшириқлари китобини ва унга мос бўлган жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш.
Тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.
Абитуриентлар танлаган таълим йўналишига қараб тегишли равишда бир, икки ёки учта фан мажмуаси бўйича тест синовини топширади.
Тест топшириқлари китобидаги мавжуд ҳар бир фан 30 тадан тест топшириғини ўз ичига олади.
Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт белгиланади.
Ҳар бир тест топшириғига 4 тадан («А», «Б», «C», «Д») муқобил жавоблар берилади.
Абитуриент томонидан ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавоб белгиланиши шарт бўлиб, тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисобланган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида бўялган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас). Агар жавоблар варақасидаги «белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, жумладан битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса ушбу тест топшириғига балл берилмайди.
Абитуриентнинг тест синовларини топшириш вақтида гуруҳдан чиқиши тақиқланади, чиққан абитуриентлар қайтадан тест синовларига қўйилмайди. Соғлиғига салбий таъсир этувчи ҳолатларда тест материалларисиз кузатув остида гуруҳдан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.
Қуйидаги ҳолларда абитуриент тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади:
-
- тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалкулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компютер, телекоммуникатсия қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса;
- тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса;
- тест материалларини бинодан ташқарига чиқарса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса, тест синовлари учун ажратилган вақт тугаганда тест материалларини топширишдан бош тортса;
- тест синовлари жараёнида видеокузатувлар орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.