Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш

Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш

Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш 15 июл кунидан 5 августига қадар трансфер.еду.уз сайти орқали амалга оширилади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

  1. Паспорт нусхаси
  2. Рейтинг дафтарчасидан ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотномадан нусха

Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида


Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарори асосида олий таълим муассасаларидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ўқишини кўчириш тавсия этилганлар рўйхати



НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом “Таълим тўғрисида”, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва олий таълим соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига ва ҳарбий олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.
3. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ҳамда бу борадаги комиссиялар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим муассасаларнинг сайтларида алоҳида маълумотлар базаси ташкил этилади.
Ушбу Низомнинг 36-бандидаги ҳолатлар бўйича талабалар сафидан четлаштирилган талабаларнинг академик маълумотномаси асосида (маълумотномада ўқиган фанлари ва баҳолари кўрсатилади) олий таълим муассасалари ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида маълумотлар базаси шакллантирилади.

2-боб. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш ва қайта тиклашнинг умумий қоидалари

4. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш (кейинги ўринларда Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш деб аталади)да олий таълимнинг мос ва турдош таълим йўналишларини (мутахассисликларини) белгилаш қуйидаги мезонларга асосланади:
таълим йўналишларининг (мутахассисликларининг) номланиши бир хил бўлганда бундай таълим йўналишлари (мутахассисликлари) мос деб ҳисобланади;
олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш учун ўқишга киришда синов ўтказиладиган фанлари таркиби ва таълим соҳаси ҳамда ўқиш муддати бир хил бўлганда бундай таълим йўналишлари (мутахассисликлари) турдош деб ҳисобланади.
5. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш қуйидагиларнинг:
олий таълим муассасалари;
тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар;
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда Идоралараро комиссия деб аталади) қарорлари асосида амалга оширилади.
Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) томонидан ташкил этилади. Унинг таркибига тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар вакиллари киритилади.
Идоралараро комиссиянинг раиси ва масъул котиби Давлат комиссияси қарори билан тайинланади.
Идоралараро комиссия “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссияси тўғрисида низом” асосида фаолият юритади.
6. Бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш (қайта тиклаш — талабалар сафидан четлаштирилганлигига 5 йилгача бўлган муддатда) шу олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.
7. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш талабани қабул қилаётган олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида амалга оширилади:
олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;
олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига;
талабалар сафидан четлаштирилганлигига 5 йилдан 10 йилгача муддат ўтганда.
8. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Идоралараро комиссия қарори билан амалга оширилади:
хорижий давлатларнинг аккредитатсияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига;
талабалар сафидан четлаштирилганлигига 10 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса;
бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик (идора) ва турли вазирликлар (идоралар) тасарруфидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган йўналишларига (мутахассисликларига).
9. Қуйидаги ҳолатлар фуқаронинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавобини берилишига асос бўлади:
хорижий давлатларнинг аккредитатсияга эга бўлмаган олий таълим муассасаларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;
республика олий таълим муассасаларидаги мавжуд таълим шаклидан ўзга (бошқа) таълим шаклида ўқиганларга;
олий таълим муассасаларининг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;
биринчи курснинг биринчи семестрига биринчи семестр тугалланмаган ҳолатда (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар бундан истисно);
олий таълим муассасасида мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;
намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда;
тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;
талабанинг шахсий йиғма жилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;
олий таълим муассасасига давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклаш давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул квоталари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;
қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатларда.
Фуқаронинг ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризасига рад жавоби берилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун белгиланган муддатда, аризада кўрсатилган манзилга, аризани кўриб чиққан комиссия ёки комиссия ваколат берган ташкилот томонидан жавоб хати йўлланади.
10. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклашни расмийлаштиришда олий таълим муассасаси ректори белгиланган тартибда ўқув режалари ва дастурлардаги мавжуд академик қарзларни ёки фарқларни (намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошмаслиги лозим) топшириш тартиби ва муддатларини (жорий семестр давомида), ўқитиш курси ҳамда ўқишга қабул қилишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа шартларини белгилайди.
11. Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабалар иккинчи курсдан бошлаб ўқишнинг бир ўқув йилигача бўлган муддатни хорижий олий таълим муассасасининг юриспруденсия йўналишида ўқиш ҳуқуқига эга. Талабанинг хорижий олий таълим муассасасида ўқиган даври ва ўзлаштирган фанлари хорижий олий таълим муассасаси маълумотномаси асосида университет Кенгаши томонидан университет ўқув режаси ва дастурларининг тегишли қисмларини ўзлаштирганлиги сифатида қабул қилиниши ва талабага ўқишини тегишли ўқув семестридан давом эттириш ҳуқуқи берилиши мумкин.
12. Тўлов-контракт асосида талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклашда тўлов-контрактни тузиш тартиби ва шартлари, жумладан, тўлов маблағлари ва муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
13. Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.
14. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклашни амалга ошириш тартиби мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

3-боб. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш
15. Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш (кейинги ўринларда Талабалар ўқишини кўчириш деб аталади) бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш қуйидагича амалга оширилади:
ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш — ҳар йили 15-июлдан 5-августга қадар амалга оширилади;
аризаларни олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссия томонидан кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 5-августдан 30-августга қадар амалга оширилади.
Талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра (бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан кўчиб ўтганда, турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда, ёхуд ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда) баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда:
ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20-декабрдан кейинги йилнинг 20-январига қадар;
ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25-январдан 15-февралга қадар амалга оширилади.
16. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ҳақидаги аризалари мос равишда:
ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан — олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига топширилади;
ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган Ҳудудий ишчи гуруҳларга топширилади.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар қабул қилинган ҳужжатларни умумлаштириб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ўқишини кўчириш ҳақидаги аризаларни мазкур Низомда белгиланган ваколатлар доирасида шакллантириб Идоралараро комиссияга ва вазирликлар (идоралар)га қарор қабул қилиш учун йўллайди.
17. Ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаро қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
кўчириш (қайта тиклаш)ни истаган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада ўқиган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), кўчириш (қайта тиклаш) сабаблари, кўчириш (қайта тиклаш) қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);
талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;
паспортнинг нусхаси.
18. Талабалар ўқишини кўчириш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича ариза кўриб чиқилиб, олий таълим муассасаси ректорининг тегишли қарори қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга шахсан маълум қилинади;
ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар тегишли вазирлик (идора) томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга маълум қилинади;
ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар Идоралараро комиссия томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади.
Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган тақдирда, тегишли вазирлик (идора) олий таълим муассасасига белгиланган шаклда хат йўллайди.
Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган тақдирда, Идоралараро комиссия олий таълим муассасасига белгиланган шаклда хат йўллайди.
19. Тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссиянинг хати асосида олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқиши кўчирилаётган талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу олий таълим муассасаси томонидан талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасига унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.
20. Сўровнома олингандан сўнг, талаба илгари таълим олган олий таълим муассасаси ректорининг талабалар сафидан четлаштириш ҳақида буйруғи асосида уч кун муддатда талабанинг шахсий йиғма жилди (рўйхати билан) уни ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади ёки ариза билан ўқиши кўчирилган талабага берилади.
Шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда (ёпиқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш) олий таълим муассасаси ректори томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган академик маълумотнома талабани ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади.
21. Талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасида унинг академик маълумотномаси, рейтинг дафтарчаси, ўқув карточкаси, шунингдек жўнатилаётган ҳужжатлар рўйхатининг нусхаси қолдирилади.
22. Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассислиги) бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олган талабалар аризасига кўра олий таълим муассасаларида тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.
Бошқа ҳолларда ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
23. Хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш истагини билдирган фуқаролар тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларда ташкил қилинган комиссияларда ўзлари таълим олган хорижий олий таълим муассасасидаги ўқитиш тили бўйича муайян таълим йўналишидаги ўқишга кириш фанлари бўйича махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш шаклида) (турмуш ўртоғи ёки ота-онаси хорижий давлатдаги давлат хизматини ўташ жойи Ташқи ишлар вазирлиги (ваколатли идоралар) томонидан Ўзбекистон Республикасига ўтказилган, Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари ҳамда олий таълим муассасаларига эга вазирлик ва идоралар томонидан давлат буюртмаси билан хорижга ўқишга юборилганлар бундан мустасно) топширади.
Фуқаронинг махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш шаклида) натижаси Идоралараро комиссияга тақдим этилади. Махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш шаклида) натижасидан келиб чиқиб, фуқаро Идоралараро комиссия қарори билан кўрсатилган ўқув шаклидаги гуруҳларга кўчирилади.
Кўчирилаётган олий таълим муассасасида тегишли ўқитиш тили мавжуд бўлмаса, ўқитиш тилини танлаш фуқаронинг аризасига мувофиқ амалга оширилади.
24. Олий таълим муассасаси ректорининг талабани талабалар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасидан унинг шахсий йиғма жилди (шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда — академик маълумотномаси) олиниб, тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширгандан сўнг 10 кун муддат ичида чиқарилади.
25. Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.
Жорий семестр давомида академик қарздорлик (фарқлар) бартараф этилган муддатдан бошлаб, олий таълим муассасаси ректорининг талабага ўрнатилган тартибда стипендия бериш ҳақидаги буйруғи чиқарилади. Стипендия миқдорини белгилашда фанлар бўйича фарқларни топшириш кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади.
26. Олий таълим муассасасида юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчириш ушбу юридик шахснинг розилиги билан амалга оширилади.

4-боб. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини қайта тиклаш

27. Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини қайта тиклаш (кейинги ўринларда Талабалар ўқишини қайта тиклаш деб аталади) бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш бир йилда икки марта амалга оширилади:
ўқишини кузги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 15-июлдан 5-августга қадар;
ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20-декабрдан кейинги йилнинг 20-январига қадар давом этади.
Қайта тиклаш бўйича аризаларни олий таълим муассасаси, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик (идора) томонидан кўриб чиқиб қарор қабул қилиш:
кузги семестрга қайта тиклаш учун — ҳар йили 5-августдан 30-августга қадар;
баҳорги семестрга қайта тиклаш учун — ҳар йили 25-январдан 15-февралга қадар амалга оширилади.
28. Талабалар сафидан четлаштирилган фуқаролар ўқишини бошқа олий таълим муассасасига мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги)га кўчириб тиклаш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга. Бунда аризага ўқишни кўчириш тартибидаги ҳужжатлар тақдим этилади.
29. Талабалар ўқишини қайта тиклаш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича ариза кўриб чиқилиб, олий таълим муассасаси ректорининг тегишли қарори қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга шахсан маълум қилинади;
ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар тегишли вазирлик (идора) томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга маълум қилинади.
30. Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида мазкур Низом талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Давлат грантлари бўйича таълим олган этимлар, И ва ИИ гуруҳ ногиронлар, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (захирага бўшаган кунларидан бошлаб уч йил мобайнида), академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган шахслар истисно тариқасида, ўқишга давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.
31. Олий таълим муассасаси ректорининг талабани талабалар сафига қайта тиклаш тўғрисидаги буйруғи (кўчириб тиклашда талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасидан унинг шахсий йиғма жилди (шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда — академик маълумотномаси) олингандан кейин, тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни амалга оширгандан сўнг) 10 кун муддат ичида чиқарилади.
32. Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.
Жорий семестр давомида академик қарздорлик (фарқлар) бартараф этилган муддатдан бошлаб, олий таълим муассасаси ректорининг талабага ўрнатилган тартибда стипендия бериш ҳақидаги буйруғи чиқарилади. Стипендия миқдорини белгилашда фанлар бўйича фарқларни топшириш кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади.
33. Ўқишдан четлаштирилган (курсдан қолдирилган) ўқув йилида курсига талабани ўқишга қайта тиклашга (кўчириб тиклашга) йўл қўйилмайди.
34. Талабани бошқа олий таълим муассасасига ўқишини кўчириб қайта тиклашда унинг илгари таълим олган олий таълим муассасаси розилиги талаб этилмайди.
35. Ўқишдан четлатилганлигига 5 йилдан 10 йилгача муддат (ҳарбий хизматда бўлганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни қайта тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) бўлган ҳолларда талабалар ўқишини қайта тиклаш олий таълим муассасаси бўйсунувидаги вазирлик ва идоралар рухсати билан амалга оширилади.

5-боб. Олий таълим муассасалари талабаларини ўқишдан четлаштириш

36. Талаба олий таълим муассасасидан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:
а) ўз хоҳишига биноан;
б) ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;
в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
г) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;
д) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
е) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
ж) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
з) вафот этганлиги сабабли.
Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида талабага Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб асосида академик таътил берилиши мумкин.
37. Белгиланган муддатларда фанларни ўзлаштира олмаган (академик қарздор бўлган) талаба олий таълим муассасаси ректори буйруғи билан курсдан қолдирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Академик қарздорлиги туфайли курсдан қолдирилган талаба тўлов-контракт асосида ўқишини қуйи курсдаги ўқув семестри бошидан бошлаши мумкин. Қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни ўқитишнинг модул тизимига асосланган олий таълим муассасаларида академик қарздорлиги туфайли курсдан қолдирилган талабалар қуйи курсдаги ўқув семестридан бошлаб ўзлаштира олмаган фанларини такроран ўқийди.
(37-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 9-августдаги 638-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.08.2018-й., 09/18/638/1690-сон)
Курсдан қолдирилган талаба ушбу Низомнинг 36-бандидаги ҳолатлар бўйича талабалар сафидан четлаштирилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
38. Олий таълим муассасаси маъмурияти ташаббуси билан ушбу Низомнинг 36-банди “е)” кичик бандига кўра талабаларни ўқишдан четлаштириш талабалар касаба уюшмасининг ёзма розилигини инобатга олган ҳолда (касаба уюшмаси аъзоси бўлган талабалар учун) амалга оширилади. Шунингдек, талаба мазкур Низомнинг 36-банди “г)” кичик бандига кўра четлаштирилаётган ҳолда, таълим муассасасининг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти билан ҳам келишилиши мумкин.
(38-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 12-сентябрьдаги 712-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017-й., 37-сон, 996-модда)
39. Талаба олий таълим муассасасидан четлаштирилганда, унга (ота-онаси ёки ҳуқуқий васийсига уларнинг аризаси билан) шахсий ҳужжатлари, белгиланган шаклдаги академик маълумотнома топширилади ва уларнинг нусхаси шахсий йиғма жилдга тикиб қўйилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

40. Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш жараёнида шахсий йиғма жилддаги ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки тақдим этилган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилганлиги ёхуд ҳужжатлар ўрнатилган тартибда тасдиқланмаганлиги аниқланган ҳолларда олий таълим муассасаси ректори мазкур ҳужжатларни текшириш ва буйруқ чиқармаслик ҳуқуқига эга.
41. Олий таълим муассасасига ўқишини кўчирган ёки қайта тиклаган талабаларнинг шахсий йиғма жилдига тегишли буйруқдан кўчирма, ариза ва академик маълумотнома тикиб қўйилади.
42. Олий таълим муассасалари ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига зарур миқдордаги академик маълумотнома бланкаларига буюртмалар берадилар.
Академик маълумотнома бланкларининг қатъий ҳисоби юритилади.
Академик маълумотнома бланкаларининг олий таълим муассасаларида сақланиши, рўйхатга олиниши ва берилиши белгиланган тартибда амалга оширилади.
43. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши ва уларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик олий таълим муассасаларига юкланади.
Зарурат бўлганда ректор ҳужжатларни юборган олий таълим муассасаларидан расмий хат билан маълумотлар тўғрилигини тасдиқлашни сўраши мумкин.
44. Олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш ва тиклашига асос бўлган барча ҳужжатлар ваколат доираси бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар, шунингдек олий таълим муассасаларида 3 йил давомида сақланиши лозим.
45. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги қарорлардан норози бўлганлар белгиланган тартибда, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
46. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 20-июндаги 393-сон қарорига 3-ИЛОВА