“ОДАМ САВДОСИ-ДАВР МУАММОСИ” мавзусидаги иншо ва рефератлар танлови

“ОДАМ САВДОСИ-ДАВР МУАММОСИ” мавзусидаги иншо ва рефератлар танловининг

НИЗОМИ

Умумий қоидалар

Ўзбекистон  Республикаси  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон  Республикаси  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида 2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг 29-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилади.

“Одам савдоси-давр муаммоси” мавзусидаги танловга институтда таҳсил олаётган талабалар ўзларининг ижодий ишлари билан иштирок этади. Танлов “Энг яхши иншо” ва “Энг яхши иншо” йўналишларида ўтказилади. Танловнинг институти босқичларини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни институтнинг “Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат” бўлимлари томонидан амалга оширилади.

II. Танловнинг мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:

Танловнинг асосий мақсади-ёшларнинг одам савдоси ва ноқонуний меҳнат миграция соҳасидаги саводхонлигини ошириш, “Хорижда ишлашнинг қонуний асослари ҳамда одам савдосига қарши курашнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириш институтда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ва маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ўз иқтидорларни намойиш этишлари учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда мустақил ва эркин фикрга эга истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

6. Танловнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ёшлар ўртасида ижтимоий-сиёсий вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, уларни одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятларга қўшилиб кетишининг олдини олиш;

институтда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ва маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш;

ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ўз иқтидорларни намойиш этишлари учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда мустақил ва эркин фикрга эга истеъдодли ёшларни ҳар томонлама ривожлантириш;

ёшларда одам савдосига қарши курашнинг мустаҳкам иммунитетни шакллантириш;

чора - тадбирлар дастурининг мазмун-моҳияти тарғиботи таъсирчанлигини ошириш;

ёш авлодни ҳар томонлама етук, юксак маънавиятли, интеллектуал салоҳиятли, ота-онасига, Ватанига садоқатли инсонлар қилиб тарбиялаш;

“Одам савдоси-давр муаммоси” мавзусидаги талабаларнинг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказиш.

III. Танловни ўтказиш босқичи ва муддатлари

7. “Одам савдоси-давр муаммоси” мавзусидаги танлов уч босқичда ўтказилади.

Биринчи босқич-институтнинг факультетлари академик гуруҳлари талабалари ўртасида жорий йил май ойининг иккинчи  ўн кунлигида ўтказилади.

Иккинчи босқич-институт миқёсида факультетлараро уларнинг ғолиблари ўртасида июнь ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилади.

Учинчи босқич (якуний) - Республика олий таълим муассасалари ғолиблари ўртасида жорий йил июнь ойининг учинчи ўн кунлигида ўтказилади.

IV. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш

8. Танловнинг биринчи ва иккинчи босқичини ўтказиш бўйича институт ректори буйруғи билан Ташкилий қўмита ва соҳа профессор-ўқитувчилари, олимлари, мутахассислари, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда ҳакамлар Ҳайъати тузилади.

9. Талабалар томонидан йўналишлар бўйича тайёрланган ижодий ишлар факультетлар ва институт кесимида тузилган ҳакамлар Ҳайъати томонидан танлов шартлари ва мезонлари асосида баҳоланади.

10. Танловнинг учинчи босқични ташкил этиш ва ўтказиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошида ташкил этилган ташкилий қўмита томонидан амалга оширилади. Танловнинг якуний босқичи ғолибларини аниқлаш бўйича Ҳакамлар ҳайъати тузилади. Ҳайъат таркибига соҳа бўйича етук мутахассислар жалб этилади.

V. Танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари

11. Танловга тақдим этиладиган ижодий ишлар қуйидаги мезонларда баҳоналанади:

мавзунинг мазмун-моҳияти тўлақонли очиб берилганлиги;

ижодий ишларнинг стилистик ва грамматик жиҳатдан тўғри ёзилганлиги;

мавзуни ёритишда адабиётлардан фойдаланганлик даражаси ва таҳлилий ёндашувлар, мустақил фикрларнинг аниқ билдирилганлиги;

мавзуни ёритишга ўзига хос ижодкорлик хусусиятлари ифода этилганлиги; 

мавзуни ёритишда ҳаётий мисоллардан кенг фойдаланилганлиги;

мавзуга оид долзарб масалалар, уларнинг ечимлари тўғрисида таклифлар келтирилганлиги;

12. Ҳар бир мезон 10 баллик тизим асосида баҳоланади (жами 60 балл) ҳамда иншо ва рефератлар талабалар томонидан ёзма шаклда баён этилади.

VI. Ҳужжатларни тақдим этиш тартиби

13. Республикадаги институтда иккита йўналиш бўйича ғолиб бўлган, 1 ва 2-ўринни эгаллаган талабаларнинг ҳужжатлари (Институт Ташкилий қўмитаси баённомаси ва қарори, ғолиб бўлган талабанинг ижодий материаллари ва 10x15 ҳажмдаги фотосурати)ни Республика Ташкилий қўмитасига жорий йилнинг 10 июнига қадар тақдим этилади. Ижодий ишлар электрон почта орқали қабул қилинмайди.

14. Танловга тақдим этиладиган мақолалар (ўзбек, рус ёки инглиз тилларида) компьютер Word дастурида, Times New Roman шрифтида 14 ўлчамда,1 интервалда, чапдан 30 мм, ўнгдан 15 мм, юқори ва пастдан 25 мм жой қолдирган ҳолда ёзилган бўлиши ҳамда материаллар илмий, техник, стилистик таҳрир қилинган бўлиши шарт. Ёзма материалларнинг 1-нусхасида талабаларнинг ўқиш жойи, факультети, курси ва таълим йўналиши тўлиқ кўрсатилади, 2-нусхасида ўқиш жойи, факультети, курси ва таълим йўналиши кўрсатилмайди.               

15. Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган ижодий ишлар қабул қилинмайди. Муаллифлик ҳуқуқий бузилишига йўл қўйилмайди. Плагиат ҳолати аниқланганда иш танловдан четлатилади.

VII. Танлов ғолибларини тақдирлаш

16. Танловнинг биринчи ва иккинчи босқичида юқори (1,2,3) ўринни эгаллаган талабалар институт томонидан махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар, шунингдек, танловда фаол иштирок этган талабалар институтнинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланади. Юқори (1,2,3) ўринни эгаллаган талабаларнинг ижодий ишлари институт газета ва журналларида ёритилади.

17. Танловнинг ҳар бир йўналиши бўйича учинчи босқичда ғолиб бўлган талабалар қуйидаги тартибда пул маблағлари билан рағбатлантирилади:

“Одам савдоси - давр муаммоси” мавзусидаги мақолалар:

1 - ўрин 1 400 000 (бир миллион тўрт юз минг) сўм;

2 - ўрин 1 200 000 (бир миллион икки юз минг) сўм;

3 - ўрин 1000 000 (бир миллион) сўм;

“Одам савдоси - давр муаммоси ” мавзусидаги иншолар:

1 - ўрин 1 400 000 (бир миллион тўрт юз минг)  сўм;

2 - ўрин 1 200 000 (бир миллион икки юз минг)  сўм;

3 - ўрин 1000 000 (бир миллион) сўм;

 Шунингдек, танловнинг Республика босқичида юқори балл тўплаган талабаларнинг энг сара ижодий ишлари институтнинг газета ва журналларида ёритилади.