Анъанавий халқаро қишки мактаб ўз ишини бошлади
Бугун 10 декабрь куни дунёнинг етакчи олимлари ва сиёсат соҳаси вакиллари иштирокида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтида анъанавий “Тошкент сув хавфсизлиги” халқаро қишки мактаби ўз ишини бошлади. ТИҚХММИ томонидан Германиянинг ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги, Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Германиянинг Гельмголц Потсдам геологик фанлар тадқиқот маркази (GFZ), Постдам иқлим ўзгариши илмий тадқиқот институти, Халле-Виттенбург шахридаги Мартин-Лютер университети каби ҳамкорлар билан ҳамкорликда “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси доирасида ташкил этилган мазкур халқаро қишки мактабнинг ушбу йилдаги дастури асосан иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига таъсири, уларни вақтида баҳолаш ва оқибатларига самарали мослашув масалаларига йўналтирилди.
“Тошкент сув хавфсизлиги” халқаро қишки мактаби очилишига бағишланган ялпи мажлисда сўзга чиққан юқори мартабали меҳмонлар Германия ташқи ишлар вазирлиги бошқармаси бошлиғи жаноб Э.Ланге, ТИҚХММИ ректори проф. Ў.Умурзаков ва Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳаси раҳбари Доктор К.Милов бугунги реаллик шароитда сув хавфсизлиги озиқ-овқат, энергетика ва экологик хавфсизликнинг асосий қисмини ташкил этиб, нафақат алоҳида мамлакатлар балки бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига марказий ўрин тутишини таъкидлашди. Жумладан проф. Ў.Умурзаков минтақада сув ресурслари ва сув билан боғлиқ муаммолар асосан трансчегаравий характерга эга бўлгани учун Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик нафақат БМТ барқарор ривожланиш мақсадларига эришишига, балки барқарор минтақавий ривожланиш ва алоҳида мамлакатларнинг миллий дастурлари ва ривожланиш стратегияларини амалга ошириш самарадорлигига ҳам сезиларли таъсир кўрсатишини таъкидлаб ўтди.
Халқаро кишки мактабнинг мақсадлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
-талабалар, тадқиқотчилар ва қарор қабул қилувчи доиралар вакилларининг келажакда Марказий Осиё минтақасида қўлланиладиган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш;
- сув хўжалиги масалалари бўйича талабалар, мутахассислар, олимлар ва қарор қабул қилувчи доиралар вакиллари ўртасида мулоқот учун платформа яратиш, шунингдек;
- минтақавий салоҳиятни ривожлантиришда барча ҳамкорларнинг илмий-техник салоҳиятидан фойдаланиш.
Халқаро қишки мактабнинг иштирокчилари минтақадаги барча мамлакатлар, шунингдек, минтақада ташқарида жойлашган мамлакатлардан бўлган олий таълим муассасаларининг тегишли мутахассисликлари талабаларини, докторантлар ва илмий ходимларни ҳамда соҳа мутахассислари ва қарор қилувчи доиралар вакилларини ўз ичига олган.
Қишки мактаб дастурига Марказий Осиёда сув хавфсизлиги ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қизиқарли маъруза ва интерфаол мунозаралар киритилган. Қизғин бўҳлган маърузалар доирасида Марказий Осиёда сув хавсизлигини таъминлаш масалалари бўйича яхшироқ қарор қабул қилишга ёрдам берадиган инновацион воситалар ва усуллар тақдим этилди. Иштирокчилар томонидан фан ва технологияларнинг замонавий натижаларни мураккаб сув хавфсизлиги муаммолари ечимида қўллаш ва сув хавфсизлигини ошириш механизмлари муокама қилинди.
Халқаро қишки мактаб ўз ишини эртага 11 декабрь куни ҳам давом эттиради.
ТИҚХММИ матбуот хизмати