Профессор-ўқитувчилар, докторантлар, магистрлар ва талабалар диққатига!
«Бир миллион ўзбек дастурчиси» (One Million Uzbek Coders) лойиҳаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, «Dubay Future Foundation» жамғармаси, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, АТ-академияси ва Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги АТ-мактаби ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳа ихтисослаштирилган онлайн портал орқали аҳолига бепул масофавий таълим олиш имкониятини беради. Барча хоҳловчилар лойиҳа ишга туширилиши биланоқ иштирок этиш учун ариза топшириши мумкин. Дастурнинг асосий мақсади – рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмаларни беришдир.
Биринчи босқичда лойиҳа глобал меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 4та мутахассисликни ўз ичига олади: маълумотларни таҳлил қилиш, Android ишланмалар, FrontEnd ишланма ҳамда FullStack ишланма. Умумий курс 120 соатлик таълим учун мўлжалланган. Ҳар бир босқич якунида иштирокчилар лаборатория ишларини тайёрлашади ва шундан сўнг уларга махсус сертификатлар топширилади. Курсни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар грантларни қўлга киритиш учун ўз билимларини синовдан ўтказа олишади ва Udacity платформасидаги юздан ортиқ Nanodegree дастурларининг бирида ўқишни давом эттиришлари мумкин. Бунинг учун номзод якуний имтиҳонни муваффақиятли топшириши ва энг юқори балл тўплаган 150 талаба рўйхатига кириши керак. Таъкидлаш жоиз, Nanodegree дипломлари Google, AT&T, Autodesk, Salesforce ва бошқа кўплаб АТ гигантлари томонидан тан олинади.
Айтиш лозимки, биринчи маротаба дастурчиларни масофавий ўқитиш лойиҳаси Бирлашган Араб Амирликларида «One Million Arab Coders» номи билан старт олган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида БААга расмий ташрифи доирасида бир қатор соҳаларда, шу жумладан, ахборот технологиялари соҳасида ҳам ҳамкорлик келишувига эришилган эди. Амирликлар ҳукумати лойиҳани Ўзбекистонга экспорт қилиш имкониятларини ўрганиб, концепцияни мамлакат шаротига мослаштириш режасини ишлаб чиқди ва «One Million Uzbek Coders» деб номланган лойиҳани йўлга қўйди.
Батафсил маълумотни http://www.uzbekcoders.uz/ кириб олишингиз мумкун.