“Аграр инновациялар ва ресурслар” дисциплинар лабораториясини яратиш бўйича инновацион лойиҳаси Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ўз ишини бошлади.
ЎЗбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Олий таълимни модернизациялаш” лойиҳаси таркибидаги Академик инновциялар фондининг юқорида номи келтирилган лойиҳаси Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” факультети “Иқтисодиёт (сув хўжалигида)” кафедрасида ўз ишини бошлади. Лойиҳа Жаҳон банки томонидан 70000 АҚШ доллари миқдорида тўлиқ молиялаштирилган бўлиб, лойиҳани амалга ошириш даври 2 йилни ташкил этади.
Ушбу лойиҳа “Иқтисодиёт” таълим йўналишининг амалдаги ўқув режа ва фан дастурларини такомиллаштириш, ўқув режага янги инновацион турдаги фанларни киритиш; етакчи хорижий университетларида қўлланилаётган инновацион ечимларни жорий қилиш орқали қишлоқ хўжалигида иқтисодий муаммоларни инновацион-экспериментал усулни қўллаш орқали янги таълим йўналиши дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этишни қўллаб-қувватлаш; мавжуд профессор-ўқитувчилар салоҳиятини оширишга ва таълим сифатини яхшилашга кўмаклашиш; таълим жараёнида талабалар иштирокини ва илмий изланишларини фаоллаштиришни ўз олдига мақсад қилган.
Юқоридаги мақсадларга эришишда “Аграр инновациялар ва ресурслар” дисциплинар лабораториясини яратиш бўйича инновацион лойиҳаси Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш. Лейбниц Институти (IAMO) Хумболдт Университети, Тошкент Ҳалқаро Вестминстер Университети, Козоғистоннинг Назарбаев Университет, Юстус-Либиг номидаги Гиссен Университети ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда амалга оширилади. Ушбу лойиҳа доирасида экспериментал иқтисодий тадқиқотларни олиб боришга ихтисослашган кластер тузилади, онлайн тарзда ҳалқаро экспертлар иштирокида амалий семинарлар, вебинарлар ва семинар-тренинглар ўтказилади. Қишлоқ хўжалигида мавжуд муаммоларни ечишда дала тажрибаси шароитида экспериментал иқтисодий тадқиқотлар ўтказилади ва замонавий моделлаштириш усули орқали аниқ ечимларини топилади ва қишлоқ хўжалигига жорий этилади.