Ноёб меъморий мўъжиза Занги ота мажмуасида хаёт фаолияти хавфсизлиги йўналиши 409 гуруҳ талабалари зиёратда

Биз гурухимиз талабалари ва гуруҳ мураббийимиз доц. Парманов А.Э. билан 2018 йилнинг 23 февраль куни Занги ота зиёратгохига бордик. У ерда жуда кўп тарихий маълумотларга эга бўлдик. Улардан: Занги ота зиёратгоҳи Тошкент шаҳри яқинидаги Занги ота қишлоғда жойлашган муқаддас қадамжо бўлиб, ушбу зиёратгоҳга улуғ бобомиз Амир Темур томонидан асос солинган. Зиёратгоҳ етук аҳлоқ-одоб соҳиби, хаким ва табиб, сўфий ва авлиё Занги ота ҳазратларига атаб улар яшаб, дафн этилган жойларида қад ростлаган. Соҳибқирон Занги ота қабрини топиш учун тушида аён бўлган йўриқ асосида оқ туя билан бир гуруҳ синчи кузатувчи одамларнинг эзгу ният билан йўлга чиқарган. Сўнгра Амир Темур ўша оқ туя ҳозирги Занги ота қишлоғига келиб чўккан жойда авлиё отамизга мақбара бунёд эттирган ва невараси- буюк олим ва шох Мирзо Улуғбек томонидан зиёратгоҳга қўшимча қурилишлар қилинган. Кейинчалик ХV-ХХI асрлар давомида Занги ота зиёратгоҳи гох мана шундай бунёдкорликлар туфайли янада обод бўлган, гоҳ эса вайронкорликларга учрагани тарихдан маълум. Айниқса собиқ шўролар даврида ушбу муқаддас қадамжо қаттиқ таҳқирга учраган бўлиб, бу ерни вилоят атеистлар уйи, кейинчалик эса даҳрийлар музейига айлантирилган. 1959 йилга келиб Занги ота меъморий ансамбли таркибидаги мадраса, масжид ва мақбарада кўзи ожизлар ётоқхонаси ва устахоналар фаолият кўрсатган. Истиқлол йилларида Занги ота зиёратгоҳига ўз мавқейи қайтарилди. Эндиликда зиёратгоҳ зиёратчилар ва сайёҳлар учун очиқ масканга айлантирилиб, турли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Занги ота меъморий ёдгорлиги ХIV аср охиридан ХХ аср бошларигача, яъни 600 йил давомида шаклланиб келган. Мажмуа Занги ота мақбараси, хонақоҳ ва мадраса, масжид ва айвон, асосий пештоқ, 1,5 гектарлик кўкаламзорлаштирилган майдон, ХХ асрнинг 70 йилларида қурилган бетон ҳовуздан иборат бўлган. Занги ота ҳазратлари Марказий Осиё минтақасида ІХ–ХІІ асрларда юз берган биринчи илмий-маданий юксалиш, яъни илк Шарқ Уйғониш даврининг намояндаси, ўз замонида ҳикмат ва маънавият, дин ва тасаввуф ривожига катта ҳисса қўшган мутасаввиф ва авлиё боболаримиздандир. Хоналарга дарча ва тобдонлар орқали ёруғлик тушган. Гўрхонадаги оқ мармардан ишланган қабртош, айниқса, диққатни тортади. Тошга ғоятда моҳирлик билан нафис ўйма нақш ва арабий хатлар битилган. Қабр шакли ва нақшлардаги услуб унинг қадимийлигидан далолат беради. Ён томондаги юза қисмида араб тилида қуйидаги мазмундаги шеър ўйилган: “Биз соғлик ва саёҳатдан завқланамиз. Аммо вақти келиб бир-биримиздан айриламиз. Чунки вақт севиклиларни айирувчидир”. Мармар битиктошнинг бир ён қиррасига куфий ва сулс хатида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Қабр амаллар сандиғидир”, деган ҳадислари битилган. Вақтлар ўтиб мақбара олдига пештоқ ва иккита кўндаланг хона қурилиб, безак берилган. Пештоқ ва хоналар ташқи девори, зиёратхона ва мақбара пойгумбази сайқалланган ғиштчалар, ўймакор ранг-баранг кошинлар билан безатилган. Занги ота мақбарасининг яна бир ноёб ва ўзига хос жиҳатига тўхталиш жоиз. Ўша давр меъморчилигида пештоқни иморатнинг ён қанотларидан олдинга суриб қуриш одат тусига кирганини минтақамиздаги деярли барча меъморий ёдгорликлар мисолида кўриш мумкин. Занги ота мақбарасининг пештоқи эса икки ёнидаги хона деворлари билан бир чизиқда қурилган, яъни шу деворларнинг дами бўлиб тушган. Бундан ташқари, иморатнинг сиртидаги изоралар пештоқ айвонидаги супалар билан бир баландликда қилиб ишланган.Юқорида келтирилган маълумотларни эшитиб талабаларимиз Занги ота каби буюк авлиёларимиз бизнинг юртимизда яшаб ўтганлигига минг бор шукур айтиб, Занги ота ва Анбар она каби азиз-авлиёларимизга насиб этган илм ва маърифатдан барчамизни бахраманд этишлигини, буюк зотлар дуоси, хурмати ва шарофати билан юртимиз тинч, хаётимиз фаровон,  биз ёшларни илм ва салохиятли фарзандлари бўлишлигини сўрашди.