Институт ректорининг институт жамоаси билан учрашуви

2020 йил 1 февраль куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Маданият саройида институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевичнинг институ жамоаси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мазкур учрашув 2019 йилда ўқув-услубий, ёшлар билан ишлаш ҳамда маънавий-маърифий, илмий ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш, ҳалқаро ҳамкорлик ва ташкилий ишларда институт жамоаси томонидан эришилган ютуқлар ва камчиликлар, истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланди.

Шунингдек, институт ректори Ў.Умурзаков 2019 йилнинг декабрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ал-Хоразмий мактабида ёшлар билан учрашувида ҳамда жорий йилнинг 25 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида билдирилган фикр ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб институтда замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини институтда жорий этиш, жумладан, ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтиш, институтда таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 4.0” ва “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Институт профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилари, докторантлари, бакалавриат ва магистратура талабаларининг юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этиши, мақолаларга иқтибослик кўрсаткичлари ошиши, шунингдек, республика илмий журналларини халқаро илмий-техник маълумотлар базасига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш, институтни яқин келажакда Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи “хаб”га айлантириш борасида тўхталиб ўтди.

Шу билан бирга талаба-ёшлар маънавий аҳлоқий тарбияси юзасидан ҳам ишларни кучайтириш, уларнинг таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш, институтида бу борада амалга оширилган ишлар ҳамда бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида йиғилганларга маълумот берди.

Капитал-қурилиш соҳасида кейинги йилларда институтда амалга оширилган ишлар мақтанса арзигулик экани, талаба-ёшларимиз илм олиши учун барча шароитга эга ўқув бинолари қурилиб фойдаланишга топширилгани, лабораториялар, спорт комплекси, талабалар турар жойлари капитал таъмирдан чиқарилгани бу борада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларнинг узвий давоми эканини гапириб ўтди ҳамда келгусида қилинадиган ишлар юзасидан вазифаларга тўхталиб ўтди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати