Аждодларни хотирлаш муқаддас қадрият

  Мамлакатимиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марралар Ислом Абдуғаниевич Каримов номи ва фаолияти билан бевосита боғлиқ. Биринчи Президентимиз Республикамиз мустақиллигини қўлга киритишдан тортиб, унинг тараққиёти, жаҳонда ўз ўрни ва сўзига эга давлатга айланиши йўлида юксак фидойилик кўрсатиб меҳнат қилди. Унинг узоқни кўзлаб юритган доно сиёсати туфайли Ўзбекистон қисқа даврда жуда катта ривожланиш йўлини босиб ўтди, мамлакатимиз дунёга танилди, ўз мавқеига эга бўлди . Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди. Биринчи Президентимизни хотирлаб Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Гидромелиоратив ишларини механизациялаш” факультети “Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги” йўналиши 106-гуруҳ талабалари ва мураббийси “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” кафедраси доценти Ражабов Нурмамат Қудратович ва доцент Ҳайдаров Туйғун Анваровичлар билан биргаликда 2021 йил 30 январь куни Ислом Каримов мажмуасига ташриф буюрди. Ислом Каримов ҳайкали қаршисига келган талабаларнинг кўзларида шундай буюк зот барпо этган мамлакатнинг эртанги куни, ҳал қилувчи таянчи эканликларидан фахр ва ифтихор туйғуси мужассам эди.

Дарҳақиқат, Ер юзида тинчликни сақлашга,  халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга, умуминсоний қадриятларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси жаҳон ҳамжамияти эътироф этилган мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг муқаддас хотираси ҳар қанча эъзозга, ҳурматга лойиқдир. Ислом Каримов хотирасига бажо келтирилган ҳурматдан сўнг талабалар “Humo Arena” муз саройига ташриф буюрди ва шанба дам олиш кунини мароқли мазмунли ўтказди.

 


ТИҚХММИ матбуот хизмати