Амир Темур музейига ташриф
Амир Темур ўрта асрлар даврига хос ўз удумлари доирасида фаолият юритган бўлса ҳам, инсон манфаатларини кучайтиришга интилиб, ирқи, миллати, дини ва келиб чиқишидан қатъи назар инсонларнинг бир бутун ҳудудда яшаши мумкинлиги тўғрисидаги "ягона макон" ғоясининг илк ташаббускорига айланди. Унинг ҳаракатлари туфайли Осиё ва Европа давлатлари тарихда биринчи марта ягона жуғрофий - сиёсий маконда эканлигини ҳис этди. Темурийлар тарихи давлат музейи “Давлат ноёб илмий объектлари” рўйхатига киритилган бўлиб, унинг хазинасида Ўзбекистон тарихини акс эттирувчи 5 мингга яқин ашёлар сақланмоқда. Улар орасида милоддан аввалги 2 минг йилликка оид Сополлитепа ва Жарқўтон топилмалари, Афросиёб ва Тошкентдан топилган Х-ХI асрга доир сопол идишлар, Амир Темур ва темурийлар даврига оид кўплаб ноёб қўлёзмалар, расмий ҳужжатлар, кумуш ва мис тангалар, сопол идишлар, мис буюмлар, меъморий қопламалар, қурол-яроғ, чолғу асбоблари, этнографик буюмлар бор.
Музейлар маънавий етук, комил инсонни тарбиялашда ўзига хос ўрин тутади. Уларда сақланаётган тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар, ҳужжатлар авлодларга тарихдан, аждодларимиз ҳаёти, юксак маънавиятидан ҳикоя қилади. Бу эса ёшлар қалбида ота-боболаримиз қолдирган меросга ҳурмат ва муҳаббат уйғотиш билан бирга, уларда шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлиш туйғусини ҳам шакллантиради.
ГМТФ кафедраси ассистенти М. Мухаммадиева ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати