АЖДОДЛАР ХОТИРАСИ МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ

Жорий йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш, мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон урушида ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини ёд этиш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллигини нишонлаш мақсадида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти ҳарбий кафедраси томонидан жойларда «Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият» мавзусида тадбирлар ташкил этилди. «ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ ХОТИРАСИ» давлат музейида ташкил этилган ушбу тадбир иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

Шаҳидлар майдонидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ ХОТИРАСИ давлат музейида ўтказилишининг асосий сабабларидан бири мана шу муқаддас замин 1937-1953 йилларда собиқ шўролар даврида амалга оширилган оммавий қатоғонларнинг оқибатида Ўзбекистон бўйича 100 минг киши қатоғон қилинганлигига ҳамда улардан 13 минг нафар ватандошларимиз айбсиз отиб ташланганлигига гувоҳлик берадиган макон эканлигидир. Инсоний қадр-қиммати топталган бу инсонлар орасида нафақат арбоб ва зиёлилар, балки юзлаб оддий инсонлар, юртимизда истиқомат қилган, деярли барча миллат ва элатларнинг вакиллари ҳам бор эди. Тадбирни самарали ва эсда қоларли даражада ташкил этиш мақсадида турли соҳа вакиллари таклиф этилди.

Булар филология фанлари номзоди, халқаро «Антик дунё» ва «Турон» фанлар академияларининг академиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг матбуот котиби Жуманиёзов Раҳимбой Маткаримович томонидан «Хотирлаш – инсоннинг ёди ва жамиятдаги ўрнига муносабатдир», Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳридаги вакили, шаҳар бош имоми ва Юнусобод тумани «Минор» жоме масжиди имом-хатибининг ўринбосари Сотимов Саҳобиддин домла томонидан «Ислом динида хотира ва қадрлаш, ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш масалалари», Қуролли кучлар фахрийси, «Содиқ хизматлари учун» медаль соҳиби, ҳарбий кафедра катта ўқитувчиси Эргашев Ҳайдар Икрамович томонидан «2005 йил 13 майдаги Андижон воқеалари», ҳарбий кафедра катта ўқитувчиси Қуролли Кучлар хизматчиси Наврузов Раҳмат Маҳмудович томонидан «Қуролли Кучлар кўзи» ҳисобланган ҳарбий топографлар хизмати тўғрисида», ҳарбий кафедра ўқитувчиси Қуролли Кучлар хизматчиси Умиров Манноп Темирович томонидан «Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши йилларида» мавзуларидаги маърузалар тадбир иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди.

Тадбир якунида Шаҳидлар майдонидаги рамзий қабр пойига гулчамбарлар қўйилди ҳамда марҳумларнинг хотирасини ёд этиш мақсадида Юнусобод тумани «Минор» жоме масжиди имом-хатибининг ўринбосари Сотимов Саҳобиддин домла томонидан муқаддас Қуръон сура ва оятларидан тиловат қилинди. Ушбу тадбир барча қатнашчиларнинг ёдида узоқ вақт сақланиб қолиши аниқ.

ТИҚХММИ  ҳарбий кафедраси бошлиғи подполковник Р. Минлишев ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов