CONMECHYDRO-2021 халқаро илмий конференция фаолиятини бошлади
2021 йил 01 апрелда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари иниституда “Ўзбекистон-Россия таълим форуми доирасида имзоланган келишувларни бажариш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)га мувофиқ Буюк Пётр номидаги Санкт-Петербург политехника университети, Тошкент давлат транспорт университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Қозоғистон-Немис Унверситети ва “Гидропроект” АЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган “Қурилиш механикаси, гидравлика ва сув ресурслари муҳандислиги-Construction Mechanics, Hydraulics and Water Resources Engineering” (CONMECHYDRO-2021) халқаро илмий конференциянинг ялпи мажлиси ўтказилди.
Мажлисни Халқаро илмий конференциянинг ташкилий қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари иниститути ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Ў.П.Умурзаков табрик сўзи билан очди ва конференция фаолиятига муваффақият тилади.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Ҳ.Тошкулов, Ўзбекистон республикаси сув хўжалиги вазирининг ўринбосари А.А.Мирзаев, Буюк Пётр номидаги Санкт Петербург политехника университети профессори, Н.И.Ватин, Қарши иқтисодиёт ва муҳандислик институти ректори, профессор О.Ш.Бозоров, Козоғистон-Немис университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Б.Я.Павлетта, Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси И.У.Қурбонов ўзларининг табрик сўзлари билан иштирок этишди.
Табрик сўзларидан сўнг, Япония муҳандислик университети профессори Акиюки Кавасаки, Миллий тадқиқотлар Москва давлат қурилиш университети кафедраси мудири, профессор Д.В.Козлов, Полшанинг Вроцлав фан ва технологиялар университети профессори Ярослав Рибак, Венгрияда рус тилида сўзлашадиган ёзувчилар халқаро федерацияси президенти, Интерпрессфаст нашриётининг бош муҳаррири, экспресс-инфо ахборот агентлигининг Венгрия ва Марказий Европа мамлакатларидаги махсус мухбири, т.ф.д., профессор О.Е.Воловик каби етакчи олимларнинг маърузалари тингланди.
2021 йил 02 апрелда Конференция ўз фаолиятини қуйидаги шўъбаларда давом эттиради:
1. Экология, гидроэнергетика ва физик жараёнларни моделлаштириш (Ecology, hydropower and modeling of physical processes).
2. Йўл қурилиши, қурилиш материаллари ва конструкциялари (Road construction, building structures and materials).
3. Иншоотлар гидравликаси, гидротехника ва мелиорация қурилиши (Hydraulics of structures, hydraulic engineering and land reclamation construction).
4. Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш, қайта тикланувчи энергия манбалари (Mechanization, electrification of agriculture and renewable energy sources).
5. Муҳандислик материалшунослиги, интеллектуал транспорт тизимлари ва транспорт логистикаси (Engineering materials science, intelligent transport systems and transport logistics).
ТИҚХММИ матбуот хизмати