Театрнинг тароватли тарбиявий туҳфаси
Маънавий ҳордиқ чиқариш аслида, иш унумининг ошиши, орадаги муносабатларни меҳр ва самимиятга қурилишига замин ҳозирлайди. Руҳиятнинг тетик ва кайфиятнинг кўтаринки бўлишига нима етсин. Ҳаёт ҳақиқати санъат тили билан бадииятга йўғрилишида улуғ ҳикмат бор. Буни англаш эҳтиёжи сизни беихтиёр театрга етаклайди. Жадид маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий эътироф этганидек, театр бу ибратхонадир. Шундай экан, кўз ва қулоқ орқали олинган ахборот ҳам қалб малҳами сифатида ибрат ва иззатнинг моҳиятини англатади.
1-апрел кулги ва ҳазил куни ўрнида эътиборга молик. Бу ҳам инсонларнинг завқ-у шавқига боис бўлувчи байрам. Ана шу муносабат билан байрам табриги ва жамоамизнинг кайфиятига кўтаринкилик бахш этиш маъносида маданий ҳордиқ чиқаришларини назарда тутган ҳолда, Ўзбек миллий академик драма театрига спектакл томошасига ташриф амалга оширилди. Миллий театрнинг зали Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг жамоаси билан гавжум, лиқ тўла бўлди. Спектакл бошланди.
“Кўнгил” номли спектакл томошаси давомида маҳоратли актёрлар Фарҳод Абдуллаев, Муқаддас Холиқоваларнинг саҳнадаги ҳаракатлари ва гап - сўзлари томошабинларни дам кулдириб, дам ўйлантириб томошабинларга завқ бахш эта бошлади. Томошабинларнинг диққатини тортгани воқеа-ҳодисалар занжири ижтимоий-маиший мавзуда бўлганидир. Оилавий муносабатлар келин ва қайнона, куёв ва ота-она муносабатлари замирига қурилган муносабатлар ва кўнгил кечинмалари унда рўйи рост ифодасини топган.
Мавлоно Лутфий ибораси билан айтганда “Зор-у ҳайрон қиладурган, бу кўнгулдур, бу кўнгул” мисраларнинг мазмун-моҳияти спектакл номидагина эмас, балки спектаклнинг сюжетида ҳам ўзининг тўла инъикосини топган десак, муболаға бўлмас. Кўнгил риштаси мустаҳкам бўлиши учун муносабатлар самимият ва ўзаро ишончга қурилишига боғлиқ. Дўст бўлиш осон, лекин уни сақлаш қийин, узма дўстлик торини боғлаш қийин деган шоирнинг мисралари беихтиёр ёдга келади.Театр томошасидан олинган завқ ва хулоса шу бўлдики, кўнгил кўнгилдан куч олади, қалб қалбдан ҳузур олади. Дил малҳами фақат сувратда эмас, балки сийратда ҳамдир. Гап пардоз - андозда эмас, дил розида, кўнгил парвозида эканини ҳис этасиз. Персонажлар тилидан айтилган Умар Хайёмнинг “Лутфингла бир қулни қила олсанг, яхшидур ер юзин қилгандан обод”-деган битиги кўнгил тимсолига айлангани рост. Институтимизнинг раҳбарияти, касаба қўмитаси театр томошасига таклифи билан жамоамизга кўнгил қувончи ва байрам туҳфасини бахш этганидан ходимлар бениҳоя шод бўлишди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати