Энг катта кашфиёт – ўзингни кашф этиш!

Ёшлик – энг бебаҳо бойлик. Уни беҳуда ишлрга сарфлаб йўқотиб қўймаслик керак. Талабаларимизда айнан шу ғоянинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етишларига бағишланган семинар-тренинг 31-январ куни бўлиб ўтди. Тадбирни ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р.К.Чориев очиб берди. Тренингни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиси Муҳаммадали Эшонқулов мазмунли тарзда олиб борди.

Талабалар бу тренинг давомида ҳаёт йўлини режалаштириш, муваффақиятга эришиш сирлари, инсоннинг ўз қобилиятларини кашф этиши, яхши касб танлаш каби муҳим саволларига жавоблар олди. Тренингда талабаларимизга энг маъқул бўлгани барча келтирилган намуналар қайсидир чет эллик олимлар тадқиқотларига эмас, айнан ўзимизнинг азиз авлиёлар ва буюк сиймоларимиз ҳаётидан келтирилган аниқ мисоллар ҳамда ривоятларга асослангани бўлган бўлса, тренернинг жамоа аурасини бошқара олиш қобилияти талабаларда чуқур қизиқиш ва ҳайрат уйғота олди.

Ҳаётни режалаштириш бу ҳар бир кунни, ҳар бир дақиқани режалаштириш, уни беҳуда нарсаларга сарфламаслик лозимлиги, ҳар бир муваффақият замирида машаққатли меҳнат ётганлиги, инсон ўзи севган касбидагина юқори марраларни забт этиши мумкинлиги айтиб ўтилди. Кадрлар ва меҳнат бозори талаби кундан-кунга кескин ўсиб бораётгани эса талабалардан қийматга эга кадр бўлиш учун тинимсиз ҳаракатда бўлишни талаб қилиши ажойиб эксперимент кўринишида тушунтирилиб берилди. Ажойиб ва мазмунли тренинг учун Муҳаммадали Эшонқуловга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз! Энди эса натижа фақатгина тренингда иштирок этган талабалардан чунки назарий билим амалда қўлланилсагина у ўзининг қадр-қимматини топади. Олға, азиз талабалар, эртанги кун соҳиблари бизмиз!

Иқтидорли талабаларнинг илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш бўлими ходими Д.Акбаров ахбороти

Институт матбуот хизмати Раҳимбой Жуманиёзов