Иқтидор ва эътибор

ТИҚХММИ Хотин-қизлар кенгаши (ХҚК) ҳамда “Ер ресурсларини бошқариш” (ЕРБ) факультети, институт Ёшлар билан ишлаш бўлими билан  ҳамкорликда Академик Т.Н.Қори Ниёзий мероси фондининг стипендияси ва икки бора Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси соҳиби И.Абдурахманов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси соҳибаси Г.Жўраевалар билан “Иқтидорни шакллантириш йўллари” мавзусида иқтидорли талабалар учун маҳорат дарси масофадан zoom орқали ташкил этилди. Вебинар шаклида ўтказилган мазкур маҳорат дарсида Институт ХҚК раиси З.Исмаилова, ХҚК аъзолари, ЕРБ факультети декани доц. Ш.Нарбаев, институт Ёшлар етакчиси А.Бердимуродов ва устоз-мураббийлар, иқтидорли талабалар қатнашдилар. Вебинарни институт ХҚК раиси проф. З.Исмаилова очиб бериб,  ҳар бир одам дунёга келар экан, ўзининг иқтидорига эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Инсон шахс бўлиб камол топар экан, иқтидорни шакллантириш, юзага чиқариш учун нималар қилиш кераклигини билмайдиганлар бор. Мазкур вебинар дастурида: Сиз ўз иқтидорингизни юзага чиқармоқчимисиз, Номдор стипендиант бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак; Чет элда грант асосида таҳсил олиш учун нималар қилиш керак; илмий мақолалар ёзиш мавзуси, сони; талабалар учун республика ва чет эл грант лойиҳаларида иштирок қилиш учун нималарга эътибор берилади, каби саволларга жавоб олиш учун орамизда ўқиб, ишлаб, елкама-елка бизлар билан бирга юрган иқтидорли докторантимиз И.Абдурахмановга берсак, тажрибаларини ўртоқлашса.

И.Абдурахманов сўзга чиқиб, вебинар ташкилотчиларига минатдорчилик билдирган ҳолда, ўзини таништирди. У 1989 йил Наманган вилоятини Уйчи туманида зиёли оиласида туғилган. Онаси – ўқитувчи, отаси-ошпаз. 1997 йил аниқ ва ижтимоий фанларга ихтисослашган мактаб-интернатда (собиқ ўзбек-турк лицейи) ўқиган. 2007 йил Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг (ТИМИ) Ер тузиш ва ер кадастри бакалавриатура йўналишига грант асосида ўқишга қабул қилинган. 2011 йилда “Ер ресурсларидан фойдаланиш” ва бошқариш магистратура мутахассислигига ўқишга қабул қилинган. 2013 йил “Геодезия ва ер кадастри” кафедрасида ассистент лавозимида ишлаган. 2014 йилда Эразмус-мундус халқаро лойиҳаси грантини ютиб, Венгриянинг Ғарбий Венгрия университетига География (геоинформатика) мутахассислиги бўйича магистратурага ўқишга кирган ва 2016 йил уни муваффақиятли тамомлаб, ТИМИ “Геодезия ва ер кадастри” кафедрасида ишлай бошлаган. 2017-2019 йил давомида ТИҚХММИ Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 2019 йилдан институтда 11.00.07 – Геоинформатика ихтисослиги бўйича таянч докторатурада таҳсил олмоқда. И.Абдурахманов бакалавриатуранинг 2-босқичида Академик Т.Н.Қори Ниёзий мероси фондининг стипендиати бўлган. Бу муваффақият кейинги натижалар калити бўлди. Магистратурада ўқиш давомида 2012 йил магистрантлар ўртасида Қишлоқ ва сув хўжалиги йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси совриндори бўлган. 2021 йил таянч докторантлар ўртасида Қишлоқ ва сув хўжалиги йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиясини қўлга киритган. У бакалавриатуранинг 1-босқичидан бошлаб, институтда Ердан фойдаланишни ривожлантириш марказида иш ўрганувчи (волонтёр) бўлиб ишлаган ҳамда устозлари О.Акбаров ва Т.Болтаевдан халқаро лойиҳаларда иштирок этиш кўникмасини эгаллаган. Ўз устида ишлаб, чет тилини чуқур ўрганиш мақсадида инглиз ва рус тилини тил марказларида курсларга қатнашиб, шунингдек, мустақил равишда чуқур ўрганган. Магистратура босқичидан бошлаб халқаро лойиҳаларнинг тўлиқ аъзоси сифатида ишлашни бошлаган. И.Абдурахманов бугунги кунда Олий таълимда салоҳиятни оширишга қаратилган Эразмус+ “DSinGIS: Геоинформатика соҳасида докторантура” ва Эраpмус+ “NIСоPA: Аниқ (координатали) қишлоқ хўжалиги учун янги ва инновацион курслар” лойиҳалари, шунингдек, 4 та Эразмус+ Халқаро кредит-мобиллик алмашинуви лойиҳалари координатори ҳисобланади. Халқаро лойиҳаларда ишлаш тажрибасининг ҳаммасини бакалавриатура ва магистратура босқичида устозларидан ўрганган. Барча устозларининг меҳнати самараси сифатида ютуқларга эришган.У оилада тўнғич фарзанд, 3 нафар сингиллари бор ва уларнинг 2 нафари олий маълумотли, врач ва ўқитувчи касбини эгаллаган. Кичик синглиси эса мактабда ўқийди. Оилали, 1 нафар фарзанди бор, Ўзбекистоннинг бахтли оилaларидан бири. И.Абдурахманов ўзини таништиргач, вебинар жонли мулоқот асосида савол-жавоблар тариқасида олиб борилди.

Савол-жавобларга ўтилди.

Доц. О.Рўзиқулова: Раҳмат, автобиографиянгиз билан танишдик. Ҳавас қиладиган ҳаёт йўлингиз ва оилангиз бор экан. Албатта, ютуқларга ота-онангизнинг тарбияси, устозларнинг йўл-йўриқлари ҳамда интилишларингиз сабабли эришгансиз. Саволни ўзим бошлаб бермоқчиман. Президент стипендиати бўлиш учун илмий мақолаларнинг аҳамияти катта. Талабаларда қайси мавзуда, нечта ва нега ёзиш керак, деган саволлар кўп туғилади.

И.Абдурахманов: илмий мақола ҳар қандай номдор стипендияга ҳужжат топшираман деган талабалар учун керак. Илмий мақолада мавзу доирасида фикр билдирилади. Мени 2009 йил биринчи мақолам эълон қилинган. Устозим доц. А.Бобожонов раҳбарлигида ёзилган. Бакалавр босқичида, магистратурада ва докторантурада ҳам устоз илмий ишларимга раҳбарлик қилиб келмоқдалар. Илмий мақола ёзишда устозларнинг маслаҳати муҳим ҳисобланади. Мавзу бўйича эса, ҳар бир одам ўзининг қизиқишидан, билим ҳамда кўникмаларидан келиб чиқиб мавзуни эркин танлаши керак, деб ўйлайман. Олайлик, мавзу фандаги қайсидар масалалар ечимига қаратилган бўлиши мумкин. Илмий мақола ёзиш мавзу юзасидан адабиётларни ўрганиш ва таҳлил қилишдан бошланади. Ердан фойдаланишнинг аҳамияти бўйича ёзилган мақолам адабиётлар таҳлили натижасида ёзилган. Кейинги мақолам эса, статистик таҳлиллар асосида, жадваллар таҳлил қилиниб, данимика ишлаб чиқилган. Ўзгаришлар асосланган. Асосли хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

Беҳзод исмли иштирокчи томонидан 1-босқич талабаларига тавсияларингиз, деган савол йўлланди.

И.Абдурахманов: Энг аввало, мақсадни тўғри қўйиш керак. Ўзимдан мисол қилиб келтирадиган бўлсам, институтга тайёргарлик жараёнида мақсад ОТМга давлат гранти асосида ўқишга кириб, етук мутахассис бўлиш эди ва эришдим, деб ўйлайман. Сўнгра, натижа намоён бўлгач, ўқишни мана эришдим деб ташлаб қўймасдан, янада юқори чўққиларни кўзлаган ҳолда ҳаракатлар давом эттирилди. Атрофимда маълум ютуқларга эришаётган одамларни кўргач, уларнинг фаолияти билан танишиб, уларга чуқур ҳавас уйғонди.

Институтда иқтидорли талабаларга яратилаётган шароитларни кўриб, янада янги  мақсадларни ўз олдимизга қўйиб, интилишда давом эттирилди. Барча фанларни юқори даражада ўзлаштиришни маслаҳат бераман, бу дунёқарашингиз ўсишига кўмаклашади. Конференцияларда, тренинг курсларда, хорижий тилларни ўрганиш каби курсларда иштирок этиш талаб қилинади. Бу орқали илмий конференцияларда бирор мавзу юзасидан фикр билдириш учун кўникмалар шаклланади.

Оятулло: ҳозирда мен 2-босқич талабасиман ва илмий мақолалар устида иш олиб бормоқдаман. Президент стипендиясига ҳужжат топшириш учун нечтагача мақола керак бўлади?

И.Абдурахманов: давлат стипендиясига ҳужжат топшириш учун “камида ёки кўпи билан шунча мақола бўлиши керак” деган талаб йўқ. Аммо илмий мақолаларни таҳлил қилиш жараёнида комиссия аъзолари томонидан мақоланинг айни бир йўналишда ёзилганлигига аҳамият берилади. Асосан битта йўналишда ёзилгани мақсадга мувофиқ. Олайлик, ерларнинг деградацияга учраши, ёки шўрланиш. Тажрибамизнинг кўрсатишича, талабгорлар орасида 30 та илмий мақолада муаллифлиги бор номзодларнинг 4 та мақоласи ўзини йўналишига мос. Қолганлари физика, математика ва ҳоказо каби турли йўналишларда ёзилган. Асосий мақолалар ўзининг соҳасига доир бўлиши талаб этилади.

Ардашер: президент стипендиясини қўлга киритиш учун тилнинг ўрни қай даражада муҳим, аъло баҳоларга ўқиш етарлими?

И.Абдурахманов: албатта президент стипендиясига ҳужжат топшириш учун чет тилини юқори даражада билиш талаб этилади. IELTS сертификатини олишни маслаҳат бераман. Чунки бу ҳужжат чет тилини қай даражада билишингизни  белгилаб беради. Чет тилидан имтиҳонлар бор. Савол-жавоб бўлади. Тез ва тўғри ва аниқ жавоб беришга ҳам эътибор қаратилади.

Мурод, 3-босқич талабаси: Венгрияда магистратурада ўқиган экансиз. Бориш-келиш, ўқиш шароитлари ҳақида гапириб берсангиз. Бизнинг институтимиз томонидан яна қайси хорижий ОТМларга бориб ўқиш мумкин?

И.Абдурахманов: Венгриядаги ўқишим магистратура босқичи 2-марта таҳсил олишга қаратилган. Сабаби, Геоинформатика бизда янги соҳа бўлгани боис, чуқурроқ ўрганиш, жаҳон тажрибасини ўрганиш мақсадида амалга оширилди. Халқаро грант асосида Австиянинг Зальцбург шаҳрида хизмат сафарида пайтимизда бизга Эразмус Мундус дастури бўйича  тақдимот қилиб беришган ва менда қизиқиш пайдо бўлган. Ушбу дастур доирасида лойиҳага ҳужжат топширдим ва лойиҳани ютиб олиб, ўқишни хорижда давом эттирдим. Ҳозирги кундаги мавжуд имкониятларга тўхталадиган бўлсам, Эразмус Мундус қўшма магистратура дастурининг гранти мавжуд, магистратурани тўлиқ Европа ОТМларида ўқиш учун барча ҳаражатларни қоплаб беради. Чет тилини билиш катта аҳамиятга эга. Бундан ташқари “Эел-юрт умиди фонди” жамғармасининг орқали ҳам чет давлатларда ўқиш имкониятлари бор. Бу фонд маблағлари ҳам барча харажатларни қоплаб беради. Аниқроқ айтадиган бўлсак, транспорт, турар жой, яшаш, суғурта сарф-харажатларининг барчаси тўлиқ қопланади.

Мурод: сизнинг IELTS даражангиз қандай бўлган?

И.Абдурахманов: шу пайтгача IELTS олмаганман, чунки бунга эҳтиёж бўлмаган. Австрияда хизмат сафари чоғида суҳбат жараёнида чет тилини билишимни етарли даражада деб ҳисоблашган ва Эразмус Мундус дастури бўйича ўқишга қабул қилишган. Чет давлатларда ўқишни давом эттирадиганларга ва номдор стипендияларга ҳужжат топшириш истагидаги талабаларга IELTS сертификатини олишни маслаҳат берган бўлардим. Имкониятингиз ошади, ҳозирги кунда талаб шунақа. Шу орқали сиз билан суҳбатлашмаган одамлар ҳам тил даражангизни билиб оладилар. IELTS сертификати қай даражада чет тилини билишингизни асословчи ҳужжат ҳисобланади.

Умиджон: Президент стипендиясини олишнинг қандай босқичлари бор? Институтимиз талабалари қайси йўналишларда олиши мумкин?

И.Абдурахманов:  Бакалавриат ва магистратурада Президент стипендияси совриндори бўлиш учун 11 та йўналишда танловлар ўтказилади. Институтимизга тўғри келадиган йўналишлар: қишлоқ ва сув хўжалиги; иқтисодиёт; техника. Докторантлар учун бу йил 5 та йўналиш бор эди. Инститимизга мос тушадигани – қишлоқ ва сув хўжалиги эди. Президент стипендиясига эришиш учун босқичлар: 1-босқичда Низом асосида талаб этилган ҳужжатлар топширилади. Унда эришган ютуқларингиз ўз аксини топиши керак. Жумладан, чет тили сертификатлари, конфенерцияларда иштироки, тавсияномалар, объективкангиз, Ёшлар иттифоқи томонидан тадбирларда иштирокингиз асослари ва ҳоказолар. 2-босқичда ОТМ ичида тегишли йўналиш бўйича талабгорлардан имтиҳон олинади. 3-босқичда Давлат тест маркази томонидан инглиз тили, тарих ва информатика фанларидан  тест олинади. Юқори баҳоларни олган 2-3 нафар номзодлар сўнги биоқич – суҳбат жараёнида қатнашадилар. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида тузилган махсус комиссия томонидан суҳбат ўтказилади. Комиссия таркиби соҳа мутахассислари, турли ОТМ ректорлари, Республика тил маркази ходимларидан таркиб топган. Суҳбат давомида илмий ишингиз, мутахассилигингиз бўйича, шунингдек, якунда инглиз тилида исталган саволлар берилади. Тез ва тўғри, аниқ жавоб бериш керак бўлади. Ҳозирда республикада амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳам хабардор бўлиш талаб этилади. Низом билан яхшилаб танишиб чиқишни маслаҳат бераман. Бунинг учун институт Илмий-тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўлимига учрашни тавсия қиламан.

Доц.О.Рўзиқулова: Устозимиз доц. И.Мусаев “Чет тилини билган одам, исталган жойда ишончли дўсти билан юради” деб ҳисоблайди.  Қайси давлатларда ишончли дўстингиз билан бўлдингиз?

И.Абдурахманов: хорижий давлатларга сафарни Монголиядан бошлаганман. Илмий иш доирасида ассистент лавозимида ишлаган вақтимда борганман. Яйлов деградациясига доир халқаро конференцияда Ўзбекистон номидан илмий мақола билан қатнашиб, 1-марта инглиз тилида омма олдида тақдимот қилганман. Венгрия орқали Европанинг деярли барча давлаларида, илмий, ўқиш мақсадларида сафарда бўлдим. 2019 йил АҚШнинг 4 та штатида бўлиб, яйлов деградацияси бўйича олиб борилаётган илмий ва амалий тажрибаларни ўргандим. Осиё давлатларидан Қозоғистонда бўлганман. 

З.Исмаилова: Кўп давлатларда бўлдингиз, икки бора президент стипендиатисиз. Сиз бу борада ўзингизнинг мактабингизни яратиш бўйича режаларингиз борми, институт талабалари ўртасида номдор стипендиатларини тарбиялашни давом эттириш мақсадида, шогирдлар чиқариш бўйича? Оила ва илмни қўшиб олиб бориш қай даражада имкониятлари бўйича фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

И.Абдурахманов: мактаб бўйича, айтиб ўтишим мумкинки, бакалавр пайтимда юқорида айтиб ўтганимдек, марказда ишлашим, устозларнинг маслаҳатлари ва билимлари қўл келган. Устозларимиздан билимлардан ташқари халқаро лойиларда ишлаш кўникмалари билан бирга шахсий ҳаётда ҳам нималарга амал қилиш лозимлигини ўргандим. Тажрибадан айтиш мумкинки, халқаро лойиҳаларда М.Реймов билан бирга ишларни олиб борамиз. М.Рейимов 2019 йил президент стипендиати бўлган. Шогирдларимиз бор, қай маънодаки, айнан лойиҳаларда ишлаш, чет тилини чуқур ўрганиш бўйича ўзаро фикр алмашиб, маслаҳатлар бериб борамиз. Талабаларда қизиқиш бўладиган бўлса, марҳамат волонтёр бўлиб, нафақат биз билан, балки бошқа бўлимларда, кафедрада ишлашни маслаҳат бераман.

Икинчи саволингиз бўйича, гарчи оилада битта ўғил фарзанд бўлсамда, оилам мақсадларимни тўғри қабул қилиб, кўмаклашган, доим қўллаган ва қўллаб келмоқда. Чет давлатларда ўқишимга ва ишлашимга кўмаклашмоқда. Оила билан илмий фаолият бирга олиб борилмоқда. Оила қурганимдан сўнг ҳам бола тарбиясида, ўқишда, ишлашда, хорижда бўлиш масалаларида ҳам маслаҳатлашиб иш олиб борамиз.

Нурбек, ГТҚ факультети 2-курс талабаси: ўқишни 2-курсдан сўнг чет давлатларида давом эттириш бўйича қандай маслаҳатлар берасиз?

И.Абдурахманов: институт билан сиз ўқишни давом эттирадиган хорижий ОТМ ўртасида кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма дастур бўлиши керак. Сизга институтнинг халқаро алоқалар бўлимига учрашишни маслаҳат берган бўлардим. Улар сизга бизда мавжуд грантлар ҳақида маълумот беради. Ҳозирги кунда Венгрия давлати билан қўшма дастур устида ишлар олиб бормоқдамиз.

Х.Абдиваитов: танқидий саволим бор эди. Факультетда талабаларни давлат стипендиясига тайёрлаш механизми борми, бўлса, қандай ишлаяпти, йўқ бўлса, режаларингиз.

И.Абдурахманов: ҳар бир факультетда бу борада ишлар олиб борилмоқда. Нафақат мана шундай учрашувлар ташкил этиш, балки дарслар мобайнида ҳам устозлар талабаларга бу бўйича маълумотлар бериб борадилар. Талабаларга илмий бўлимга учраб, низоми билан танишиб, ҳаракат қилишларини маслаҳат бераман.

ЕРБ факультети декани Ш.Нарбаев ҳам бу саволга қўшимча жавоб бериб, дарсларда ва йиғилишлар давомида талабаларга мақсадни аниқ қилишни, сўнгра мақсад сари дадил ҳаракат қилиш таъкидлаб ўтдилар. Механизм сифатида айтиш мумкинки, кафедралар қошида ташкил этилган тўгараклар ҳам олий мақсадлар рўёбига қаратилган. Талабаларда таклиф бўлса, имкон доирасида қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Бу мавзуда Ёшлар етакчиси А.Бердимуродов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди: 22-апрель Халқаро ер кунига бағишлаб ўтказилган “Она ерни асранг” расмлар, видеороликлар, ишланмалар конкурсида факультетдаги иқтидорли талабаларнинг ишланмалари кўриб чиқилди. Институтда, факультетда иқтидорли, билимли, салоҳиятли талабалар кўп. Ҳамма гап уларни қандай қилиб кашф қилишда, менимча. Уларни клубларга бирлаштириш, ёш ва тажрибали устозлар биргаликда ишлаши керак, менимча. Илхом ака Абдурахманов устоз-шогирд тизимида бошқа факультетнинг талабалари билан ҳам ишламоқда. Масалан, Жавоҳирни мисол қилиб келтириш мумкин, инглиз тилини кучли билади, тарбияли ва интилувчан йигит. Факультетда “Geostars” жамоаси мавжуд. Бу жамоанинг олиб бораётган ишларини ҳам эътироф этиш мумкин. Илхом ака ва Маманбек Реймовни жалб қилиб, кўп ютуқларга эришиш мумкин.

А.Бердимуродов: Республикамизда президент стипендиатларига қандай молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашлар бор?

И.Абдурахманов: аввало президент стипендияси бу - давлат мукофоти. Объектив маълумотингизда стипендиат бўлганингизни асословчи ҳужжат, кейинги режаларнигизни амалга оширишда ёрдам беради. Танловларда бошқа иштирокчиларга нисбатан поғонангизни устунлигини кўрсатади. Молиявий қўллаб-қувватлови ҳам бор. Бир йил давомида олинадиган стипендиянинг икки баравари миқдоридаги маблағ берилади. Бу билан турли курсларга қатнашиш, тил ўрганиш, ўз устида ишлаш каби ҳаражатларни қоплаш имконияти туғилади. Мамлакатимизда юқори натижага эришган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 30 ёшгача имтиёзли ипотека кредитлари асосида бериладиган ёш оилалар учун Ёшлар уйларидан олиш имконияти мавжуд. Бу имкониятдан фойдаланганман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси соҳибаси Гулбаҳор Жўраева ҳам сўзга чиқиб, ўзининг эришган ютуқлари ва бу борада устозлар кўмагини таъкидлаб ўтди. 2012 йил ЕРБ факультетида Касб-таълими йўналишида ўқиб, Педгогика йўналиши бўйича президент стипендияси соҳибаси бўлган. Гулбаҳор Жўраева: институт техника институти бўлгани сабабли қизлардан янаям катта масъулият ва билимни талаб қилади. Албатта талабалар ОТМга ўқишга қабул қилингач, улардаги иқтидорни юзага чиқаришда устозлар кўмаги муҳим ҳисобланади. Устозларим,  Д.Ҳимматалиев ва З.Исмаиловаларнинг тўғри йўл кўрсатишлари сабабли, аввал фан олимпиадасига таёрланиш жараёнида ишлар бошлаб, кейинчалик президент стипендиясига эришиш имконияти, қобилиятини кўришиб, йўналтирганлар. Чет тилини чуқур ўзлаштириб, босқичларда қатнашиб, совриндор бўлганман. Имкониятлари ҳақида гапириб ўтадиган бўлсак, аввало обрўси ва бакалавриат босқичида давлат мукофотини қўлга киритилгач, магистратурага йўлланма бўлди. Докторантурада ҳам асқотди. Молиявий жиҳатдан ҳам талабани ўз устида кўпроқ ишлашга имконият яратади. Иппотека кредити асосида ёшларга бериладиган Ёшлар уйларида оилам билан истиқомат қиляпман. Бу ёш оилаларга катта имкониятдир.

Доц. Рўзиқулова: аёл киши, оилада меҳрибон она, севимли ёр, чақон келин. Шу билан биргаликда илмни ҳам бирга қўшиб олиб бориш сизга мушкуллик қилмаяптими?

Г.Жўраева: фарзандларингиз кичик бўлса, бир оз мураккаблик туғдиради. Имкон дорасида ҳаракат қилаябмиз, оила аъзоларим қўллаб-қувватлаб, ёрдам бериб туришибти.

Доц.Нарбаев: сизнинг муваффақиятга эришишингиздаги алгоритмингиз?

Г.Жўраева: Мақсадни аниқ қилиш, яхши устоз, билим, изланиш, чет тилини ва соҳани чуқур ўрганиш ҳамда фақат олдинга интилиш.

И.Абдурахманов ҳам юқоридаги фикрларга қўшимча сифатида президент стипендияси талабгорлари билан суҳбат жараёнида, устози А.Бабажоновни маслаҳатлрига амал қилиб, муваффақиятларга эришганини эътироф этди. Савол илмий иш доирасида инглиз тилида берилган пайтда айнан устози ўргатганини тезда аниқ ва лўнда жавоб бериб, совриндор бўлганини айтиб ўтди. Ҳозирги кунда ҳам устоз-шогирд анъанаси давом этмоқда. Устозларнинг маслаҳатисиз, билимсиз, чет тилини саёз билиш орқали муваффақиятларга эришиб бўлмайди. Жумладан, эришилган муваффақиятларда бакалаврдаги гуруҳ мураббийи доц.С.Абдурахмонов, кафедра мудири И.Мусаев ва бошқа устозларининг роли ва қўллаб-қувватлашлари катта бўлганлигини таъкидлаб ўтди. Г.Жўраева: иқтидорни юзага чиқаришда институда, факультетда ҳамда ёшлар иттифоқи томонидан олиб борилаётган ишларнинг ўз ўрни бор. Ҳар доим изланишда давом этиш, ҳаракатдан тўхтамасдан, жамоа билан ишлашда давом эттириш керак. Доц. Нарбаев: муваффақият алгоритми менимча, мақсадни тўғри қўйиш, мақсад сари ҳаракат, ўқиш, изланиш, ўз устида ишлаш, ортга қайтмаслик, таваккал қилишда деб ҳисоблайман. Ҳар қандай муваффақиятсизлик ортида яхшиликлар, янги-янги имкониятлар бўлиши мумкин. Барча кафедра устозларидан, жумладан олий математика кафедраси профессор-устозларидан иқтидорлиларни кашф этишда талабаларни саралашда кўмаклашишини сўраб қоламиз. Иқтидорли талабалар билан ишлашда Илхомжон, Гулбаҳор сизларнинг тажрибангиз ва билимингизга суянамиз. И.Абдурахманов ва Г.Жўраева институтнинг иқтидорли талаба ёшлари билан ишлашга тайёрлигини айтиб ўтдилар.  Вебинар ўз олдига қўйган мақсадига эришди. Умидли ёшлар билан биргаликда иқтидорни кашф қилишда давом этамиз.

ХҚК аъзоси О.Рўзиқулова маълумоти.

ТИҚХММИ матбуот хизмати