Муқаддассан, аёл

Баҳор – бу байрамларга бой йил фаслларидан биридир. Баҳор – бу аёл гўзаллиги ва нафосати фаслидир. Баҳорда барча қиз ва аёллар чиройига чирой қўшилади. 8-март байрами яқинлашиб келмоқда. Ушбу кун ҳам қувончли, ҳам тантанали байрамлардан биридир. Аёлларнинг ички дунёси ажойиб ва кўп қирралидир. Ҳеч бир соҳа йўқ-ки, қачонки унга  аёллларнинг куч-қудрати ва меҳнати сингмаган бўлса. Ушбу кунда одамлар бутун дунё аёллари эришган ютуқларни олқишлайдилар. Буюк грек файласуфи шундай деган эди: “Ватан тақдирини ёшларнинг тарбияси ҳал қилади”. Ушбу байрамни нишонлай туриб, шуни унутмаслик муҳимки, аёлларнинг нафақат гўзаллиги ва меҳрибонлиги балки уларнинг меҳнатсеварлиги кишини лол қолдиради. Ўзбекистон исмлари тарих зарварақларига умрбод мухрланиб қолган аёллар номларига бойдир. Маликалар, олималар, қўшиқчилар, шифокорлар, ўқитувчилар – уларнинг ҳар бири ўзларидан кейин муҳим из қолдирдилар. Институтимиз тарихида олима аёлларимиз муносиб ўрин эгаллаганлар.

1946 йилда ирригатор-аёл Т. А. Колпакова ташаббуси билан “Ўрта ва кичик гидроэлектростанциялар қурилиши” факультети ташкил этилган. Бундан ташқари профессор аёлларимиздан бири М. Шоумарова институтимиз фаҳри ҳисобланади. Республикамизда рус тилини ўрганишнинг ривожига улкан ҳисса қўшган инсонлардан бири профессор аёл М. А. Батыровадир. Институтнинг биринчи кутубхонасининг ташкил этилишида Р. Д. Климкина, Б. У. Ташкузиева, М. Н. Ходжаева, В. И. Маковаларнинг меҳнатлари беқиёсдир. Бу инсонларнинг барчаси ўз ишларига садоқат борасида мамлакатимизнинг ёш авлодлари учун ёрқин намуна бўла оладилар. Яқинлашиб келаётган 8-март халқаро хотин-қизлар байрами арафасида  барча аёлларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий фаровонлик ва буюк Ватанимиз тараққиёти йўлидаги меҳнатларида ижодий зафарлар тилаймиз.

 

Ахборот – ресурс марказининг “Илмий-услубий, ахборот-маълумот бўлими” мудири Н. Ю. Миличенкова ахбороти

ТИҚХММИ  матбуот хизмати