Талабалар мактабда
Илм эгаллаш ҳам фарз, ҳам савоб. Илмни ўзгаларга улашиш эса икки карра савоб, қолаверса, улкан шараф ҳамдир. “Устоз отангдек улуғ” деб бежиз уқтирилмайди, албатта. Ўз илмини ўзгаларга етказиш машаққатини, юкини ҳар ким ҳам кўтара олмайди. "Гидромелиоратция" факултети 3-босқич “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” таълим йўналиши 307-гуруҳнинг фаол талабалари Азизбек Ҳасанов, Жаҳонгир Мухторов ва Маъруф Маҳамадаминовлар шахсий ташаббуслари билан Шайхонтоҳур туманида жойлашган 84-умумий ўрта таълим мактаби 3-синф ўқувчилари учун “Сув ва сувнинг қадри” мавзусида қизиқарли очиқ дарс ташкил этишди.
Ўтказилган очиқ дарс давомида ўқувчиларга бугунги кунда кузатилаётган сув билан боғлиқ вазиятлар, тоза ичимлик сувининг тақчиллиги, сувдан тежаб, исроф ва ифлос қилмасдан фойдаланиш хусусидаги маълумотлар содда ва равон қилиб етказилди. Мавзуга доир видеороликлар ва расмлар тақдим этилди. Дарс якунида эса ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга талабалардан атрофлича жавоб олдилар.
Ташкил этилган очиқ дарсдан ўқувчилар ҳам, талабалар ҳам, мактаб раҳбарияти ҳам мамнун бўлди. Келгусида шундай дарслар ташкил этилишини анъанага айлантиришга келишиб олинди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати