“Хорижий университетлардаги инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида муҳандис кадрларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш”лойиҳаси иш бошлади
“Хорижий университетлардаги инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида муҳандис кадрларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш” лойиҳаси иш бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Олий таълимни модернизациялаш” лойиҳаси таркибидаги Академик инновациялар фондининг юқорида номи келтирилган лойиҳаси Қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультетининг Тракторлар ва автомобиллар кафедрасида иш бошлади. Лойиҳани маблағ билан таъминлаш учун 140000 АҚШ доллари ажратилган, лойиҳа 2 йил давомида фаолият юритади.
Лойиҳа қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш таълим йўналишининг амалдаги ўқув режа ва фан дастурларини такомиллаштириш, ўқув режага янги фанлар киритиш; хорижий университетларда қўлланилган инновацион ечимларни жорий қилиш орқали қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологияларни қўллаш янги таълим йўналиши дастурини қўллаб-қувватлаш; профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошишига ва иш фаолияти сифатини яхшиланишига кўмаклашиш; таълим жараёнида талабалар иштирокини ва ролини фаоллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Юқоридаги мақсадларга эришишда лойиҳа АҚШнинг Дэвис шаҳридаги Калифорния университети, Оклахома ва Миссисипи штатлари университетлари ва Жанубий Кореянинг Сеул миллий университети билан ҳамкорлик қилади.
Лойиҳа доирасида Интернет тизимига уланган замонавий компьютер синфи ишга туширилади, профессор ўқитувчилар учун уч босқичли инглиз тили курслари ва хорижий ҳамкорлар иштирокида янги курслар бўйича семинар-тренинглар ташкил этилади, лаборатория қурилмалари харид қилинади.
Лойиҳа билан ҳамкорлик қилишга қизиққан профессор-ўқитувчилар ва талабалар Тракторлар ва автомобиллар кафедрасига мурожаат қилиши мумкин.
Тракторлар ва автомобиллар кафедраси мудири М.Амонов ахбороти