ЭЗГУ НИЯТ - МАЪНАВИЯТ

Ҳар бир эзгу иш, савобли ҳаракат, хайрли ниятни дуо билан бошлаш халқимизнинг азалий одати. Унда яхшилик ва янгиликка интилишдек халқ манфаати учун сафарбарлик бор. Янги ўқув йилини ҳам бағри кенглик, очиқ юзлик, кўтаринки кайфият, қўл ва кўнгил очиқлиги билан бошлаш хайрлик ва савобликдир.      

Президентимиз таъбири билан айтганда, таълим муассасаси, хусусан "Мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир". Демак, келажагимиз тақдири ёшларга таълимий ва тарбиявий озиқ берадиган ўқитувчиларга боғлиқ экан, истиқбол пойдевори мустаҳкам бўлиши шарт. Бу куч ва пойдевор эса педагогдир.      

Бугун эрталабданоқ, институтимиз жамоаси учун талабалар ошхонасида педагогларга янги куч ва руҳ бахш этиш мақсадида дастурхон ёзилиб, ош тарқатилди.     

 

Тадбир олдидан, анъанамизга мувофиқ қуръон тиловати қилинди. Бодомзор масжиди имом хатибининг ёрдамчиси Абдуҳамид қори Баҳромов қуръон қироатидан сўнг янги ўқув йили муносабати билан барча педагогларга сиҳат-саломатлик ва куч-ғайрат, юртимизга тинчлик ва офият, халқимизга тўкин-сочинлик ва фаровонлик тилади.       

Баданнинг қуввати таом билан, руҳнинг қуввати калом билан бўлганидек, ҳар иккаласи ҳам чиройли тарзда ўз ифодасини топди. Қори акага сўз қотдим. "Қаердадир ўқиганим бор, пулингни йўқотсанг - ҳеч нарсангни йўқотмабсан, вақтингни йўқотсанг - маълум бир нарсаларни йўқотибсан, тетиклигингни йўқотсанг - ҳамма нарсангни йўқотибсан", - нима дедингиз, қори ака?. - Ҳақ гап, тетиклик кемтикликни тўлдиради, - дея мийиғида кулимсираб қўйдилар.

Янги ўқув йили бошидан тан сиҳатлик ва тетиклик таълимнинг сифати ва самарасига таъсир этмасдан қолмайди. Устозлар, янги ўқув йилингиз муборак бўлсин!

 Раҳимбой Жуманиёзов Институт Матбуот хизмати раҳбари