“Ғалаба боғи”га саёҳат

Ҳозирги кунда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўналишида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.  Бугун  "Ер ресурсларини бошқариш" факультетининг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ. Эшова бошчилигида факультетни талаба-ёшлари гуруҳ мураббийлари  билан бирга Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи”га саёҳат қилишди. Саёҳат давомида ўқувчилар “Ғалаба боғи” ҳамда “Шон-шараф” музейидаги экспонатлар билан яқиндан танишди.

Саёҳат ёшларда катта таассурот қолдирди. Улар билан суҳбатлашиш жараёнида шунга амин бўлдикки, бу каби тадбирлар ёшларимиз қалбида она Ватанга бўлган садоқат ва ҳарбий соҳага бўлган қизиқишни янада оширади.  Шуни алоҳида мамнуният билан айтиб ўтиш жоизки халқимизнинг тарихий хотира билан яшаб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, шунингдек, мазмунли дам олиши билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлар талаба-ёшларга жуда манзур бўлди. Мажмуа ҳудудида, аниқроқ айтадиган бўлсак, 14,6 гектар майдонда урушнинг бутун даҳшатларини жамлашнинг сира имкони йўқ.

Лекин бу ерда шундай экспонатлар барпо этилганки, уларни кўргач, бир муддат ўша суронли йилларга қайтгандек бўласиз. Мудофаа вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар мутасадди ходимларининг самарали изланишлари натижасида уруш даврига оид 16 минг экспонатни ўзида жамлаган “Шон-шараф музейи”ни алоҳида эътироф этиш мумкин. Боғ ҳудудида блиндаж, поезд, асирлар колонияси, самолётлар, матонатли ўзбек аёллари вакили Зулфия Исроилова ва унинг келинлари хотирасига ҳамда генерал-майор Собир Раҳимов ва 13 аскарга қўйилган ҳайкал бизга 1 миллион 900 минг нафар урушга жўнатилган ўзбеклар ва ортда қолганлар тақдири ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Бу каби унутилмас саёҳат: боғнинг турли бурчакларидаги миллий анъаналаримизга мос айвонлар, интерактив маълумотлар улашувчи замонавий электрон қурилма ва шу қаторида минглаб экспонатлар ҳарбийларнинг фарзандлари учун янгилик бўлибгина қолмай, маънавий-маърифий аҳамият касб этган бўлса ажабмас.

ЕРБ факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳуррият Эшова ахбороти

ТИҚХММИ  матбуот хизмати