Имконият ва имтиёзлар - муваффақиятлар гарови
Яратилган шароит давр талаби ва вазият тақозоси бўлиши аниқ. Билим олиш учун талабаларга турли имкониятларни яратиш уларнинг ўқиш, дам олиш заруриятидан келиб чиқади. 2019 йилнинг 2 ноябрь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида 3-талабалар турар жойи очилиши маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимида институт раҳбарияти, кўп йиллардан бери институтда фаолият юритиб келаётган профессор-ўқитувчилар, мазкур талабалар турар жойини таъмирлашда иштирок этган қурувчилар ҳамда талабалар иштирок этишди.
Мазкур талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилиши ҳам кейинги йилларда институт томонидан республика ва дунё миқёсида эришилаётган ютуқларнинг узвий давомидир. Таъкидлаб ўтиш жоизки, жорий йилда институтимиз ҳалқаро QS рейтингида академик сўровнома, иш берувчиларнинг баҳоси ва илмий салоҳияти каби мезонларда Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари университетлари ўртасида ижобий кўрсаткичларни қайд этиб, 301-350 ўринлар оралиғидаги олий таълим муассасалари қаторидан жой олди.
Шунингдек, институт талабаларининг илмий - ижодий соҳада эришаётган ютуқлари ҳам талайгина. Жорий йилда олий таълим муассасалари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиладиган “Тафаккур синовлари” кўрик-танловининг шаҳар босқичида институтнинг “Тарғибот” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритишди.
Институтимиз талабалари спорт соҳасида ҳам кўплаб ютуқларга эришиб халқаро миқёсда ташкил этилаётган турли спорт мусобақаларида юртимиз байроғи, қолаверса, институтимиз шаънини юксакларга кўтармоқда. Жорий йилда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган минифутбол мусобақаларида институтимизнинг “Ирригатор” жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди, шунингдек, октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббуси доирасида ўтказилган талабалар фестивалида ҳам биринчи ўринни эгаллади.
Спорт якка курашларининг Жуи Жит Су, Турон якка кураши, Миллий кураш турлари бўйича талабаларимиз ўзларини нималарга қодир эканликларини кўрсатмоқдалар. 2019 йилда Россия, Қозоғистон, Польша, Венгрия каби мамлакатларда бўлиб ўтган якка кураш мусобақаларида институтимиз талабалари фахрли ўринларни эгалладилар.
Тан олиб айтиш керакки, бугунги авлод ҳавас қилса арзийдиган шароитларда таҳсил олмоқда. Талаба учун зарур бўлган замонавий шарт-шароитларнинг барчаси ушбу фойдаланишга топширилаётган талабалар турар жойида мужассам. Барча хоналарда юмшоқ ва қаттиқ мебель мавжудлиги, дарсхоналар, спорт билан шуғулланиш имконияти, дарсдан бўш вақтда ижодий тўгаракларнинг борлиги ҳар бир талабанинг илм олишга бўлган иштиёқини ошириши табиий ҳол.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 ташаббуси институтимиз талаба ёшларининг вақтларини мазмунли ўтказишда дастурул амал бўлмоқда. 5 ташаббус доирасида ташкил этилаётган тадбирларда талабаларимизнинг мунтазам иштирок этаётгани юртбошимизнинг чақириқларига сидқидилдан тайёр эканликлари далолатидир. Институтимиз ҳовлисида Китоб монументининг ўрнатилиши эса кўплаб талаба-ёшларнинг китобхонликка бўлган иштиёқини оширди.
Қолаверса, талабалар турар жойида истиқомат қилувчи талабалар бу ерда ўқишдан кейин дам олиш билан бирга 5 ташаббус доирасида вақтларини мазмунли ўтказишлари юзасидан ҳам барча шароитлар мужассам. Талабалар учун ҳар бир турар жойда кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, талабалар турар жойининг ёнида спорт мажмуасининг жойлашгани эса 10 та спорт тури билан шуғулланиш имконини яратади. Ҳар бир қаватда талабалар фойдаланишлари учун компьютер хоналари ташкил этилган. Мусиқа, санъат ва маданиятга қизиқувчи талабалар учун ҳам шароитлар муҳайё. Шу билан бирга талабалар турар жойида тикув хонасининг ташкил этилганлиги талаба-қизларимизни касбга йўналтириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг намунасидир.
Мана шундай замонавий талабалар турар жойининг очилиши ҳамда талабаримиз ихтиёрига берилаётгани олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Тадбир сўнггида йиғилганлар томонидан талабаларимизга доим бахтли-саодатли, элу юрт манфаати йўлида доимо ўз билими ва салоҳиятини намоён этиши йўлида эзгу тилаклар билдирилди. Тадбир “Ўзбекистон 24”, “Менинг юртим 5” телеканалари орқали ёритилди.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов