Иккинчи умрдир яшашдан мурод
Эзгу амаллари, қолдирган китоблари, солиҳ фарзандлари, эл-юрт манфаати учун қаздирган ариқ, қурдирган иморатлари бор бўлган инсоннинг умри барҳаётлик белгиси. Ўз умри ва истеъдодини халқининг манфаати ва ватан равнақи учун бахшида этган Абдулла Орипов ҳам боқийликка нишондир. Бундан тўрт йил муқаддам худди шу куни Абдулла Орипов дорулфанодан дорулбақога риҳлат қилган эдилар. Халқ шоири Абдулла Орипов мангуликка муҳрланган сиймолардандир. Шоир эътироф этганидек, иккинчи умрни яшаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Инсон тириклиги жисми биланмас,
Минг йилга дахлдор тингланг бир нафас,
Эзгу ишларини эл-юрт қилса ёд,
Иккинчи умрдир яшашдан мурод.
Худди шу хотирлаш ниятида Абдулла Орипов ижод ва ҳаёт фаолиятини чуқурроқ ўрганиш, талаба-ёшлар ва профессор-ўқитувчиларда қизиқишини орттириш мақсадида 2020 йилнинг 5 ноябрь куни “Адиблар хиёбонида” Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Абдулла Ориповни ёдлаб адибнинг оламдан ўтган куни муносабати билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти "Қишлоқ ва сув хўжалигини энергия таъминоти" факультети жамоаси, талаба-ёшлари ва проректор Рузимурат Чориев, факультет декани Абусаид Исаковлар раҳбарлигида "Адиблар хиёбони"га ташриф буюришди. Даставвал, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси, сўнгра институтимиз аҳли шоир монументи пойига гул қўйиш маросимини ўтказишди. Сўнгра маънавий-маърифий кеча бошланди. Тадбирни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, институтимиз матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов олиб борди. Тадбир аввалида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси, сенатор, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саид устозлари Абдулла Орипов ҳақидаги хотиротлари билан ўртоқлашди. Адибнинг хаёт ва ижод йўлида шеъриятга бўлган мухаббатини ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Сўнгра филология фанлари доктори профессор Нурбой Жабборов, адибнинг қизи тиббиёт фанлари номзоди, доцент Шоира Орипова, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Олий мажлис депутати Фарида Афруз, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фароғат Худойқуловалар улуғ шоир ҳаёти ва ижодиётининг турли қирралари ҳақида сўз юритишди. Институт профессори Раъно опа Газиеванинг шоир шеърлари ҳақидаги мулоҳазалари барчага бирдек маъқул бўлди. Шундан сунг факультетимизнинг талабалари ўзларининг ижодидан айни пайтда улуғ шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб бўлган шеърлардан ўқишди ва ҳайкал пойига гул қуйишди.
Тадбир якунида институт проректори Рузимурат Чориев иштирокчи меҳмонларга ва тадбир ташкилотчиларига ўзининг самимий миннатдорчилигини билдириб шоир шеъриятини тарғиб этишда бардавом эканлигини қайд эти. Айниқса, институт раҳбариятининг ташаббуси билан Абдулла Орипов номидаги кўкрак нишонининг таъсис этилгани ҳақидаги хабар ва унинг барчага намойиш қилиниши йиғилганларни тўлқинлантириб юборди. Факультет декани А. Исаков ўз жамоаси билан шоирнинг хонадонига бориб, адибнинг рафиқалари Ҳанифа ая ҳолидан хабар олиб самимий дил истакларини билдириб қайтишгани ҳам хайрли бўлди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати