9 -декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни

   Коррупция бу мансабдор шахслар томонидан давлат ҳокимияти ёки бошқаруви ваколатларидан фойдаланган ҳолда шахсий манфаатларни ёки бошқа шахслар манфаатини кўзлаб содир этиладиган жиноятлар йиғиндисидир. Яъни коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бир неча жиноятларни ўзида мужассамлаштирувчи иллатдир. Бугун "Ер ресурсларини бошқариш" факультети маърузалар залида  факультет декани Ш.Нарбаев ва ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова ташаббуси билан «9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни»га бағишланган” тадбир ўтказилди. Унда факультет профессор-ўқитувчилар А.Бобожонов, С.Шарипов факультет мураббийлар кенгаши раиси А.Муқимов, хотин-қизлар кенгаши раиси О.Рўзиқулова, факультет етакчиси Д.Жабборова ҳамда 1 курс талаба-ёшлари иштирок этишди. Тадбирда меҳмони Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси катта терговчиси З.Шавқиев, Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш барча давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда молиявий муассасаларнинг устувор вазифаси бўлмоғи лозимлиги бўйича маърузаси билан йиғилганларга маълумот берди. У ўз нутқида мамлакатимиз таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, унинг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, олий ўқув юртларига қабул жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, таълимдаги коррупция ва порахўрликнинг олдини олишга ҳам астойдил киришилган. Коррупцияга қарши курашиш борасида жорий йилда таълим соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар бўйича маълумотлар берилди.

Тадбир давомида Адлия вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва ошкора бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш» лойиҳаси доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар, шунингдек БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини амалга оширишда Ўзбекистоннинг тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтилди.

 

ТИҚХММИ матбуот хизмати