Гендер тенглик - бағри кенглик
Конституция бош қомус сифатида ҳуқуқларни жамлайди ва кафолатлайди. Аммо уларни амалга ошириш тизими ва ҳимоялаш механизмларини қонунларда батафсил баён этишга доим эҳтиёж бор. Шу маънода гендер тенглик тўғрисидаги Қонун жинслараро тенгҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, бу борадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонунда давлат хизматида гендер сиёсатини амалга ошириш учун вақтинчалик тарзда бир жинсдаги хизматчилар учун квоталаш тизими жорий этилмоқда. Яъни ҳар бир давлат корхона ва ташкилотларида хотин-қизлар ва эркаклар вакиллигининг мутаносиблиги таъминлангунча вақтинчалик жинс квоталари белгиланади. Мутаносибликка эришилгач, квоталар бекор қилиниши мумкин.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти "Гидромелиорация" факультетида "Гендер тенглик бу нима?" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Ушбу давра суҳбатида ИИБ академияси Криминология кафедраси катта ўқитувчиси подполковник Р.Рахмонов, ёшлар билан ишлаш ва маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи З.Ҳайдаров, институт хотин-қизлар раиси З.Исмоилова, факультет хотин-қизлар раиси З.Бекназарова, институт психологи М.Муҳаммедова, декан ўринбосарлари ва факультет ёшлар иттифоқи етакчиси А.Ҳамидов ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.
Гендер тенглик тўғрисидаги қонун ижтимоий-сиёсий соҳаларда аёлларнинг ролини ошириш учун замин яратади. Ҳозирда жамиятимизда “илғор аёл” образи тобора юксалиб бормоқда. Аёлга имконият ва ваколат бериш, уни фаоллаштириш жамиятни янада раҳм-шафқатли, инсонпарвар ва маърифатли қилади. Бугун хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири, халқ турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришнинг муҳим шарти сифатида белгиланган.
ТИҚХММИ матбуот хизмати