Юксак эҳтиромга муносибсан Сен
“Меҳру муҳаббатни кўпроқ таратмиш,
Энг нафис ҳилқатга, аёл зотига…”
8 март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан институтимизнинг барча ходималарига юксак ҳурмат-эътибор кўрсатиш анъана тусини олган. Баҳор гўзаллик ва янгиланиш фасли, нафосат ва латофат байрами бўлиб, гўёки ҳаётнинг янгидан бошланишидан дарак бергандай инсон қалбига ажиб ҳис-туйғуларни жо қилади. Бундай латофат байрами таровати илмий бўлим ходимларини ҳам четлаб ўтмади. Бўлимда фаолият олиб бораётган нафис ҳилқат вакилаларига байрам муносабати билан институт ректорининг табриги илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Т. Султанов томонидан ўқиб эшиттирилди ва уларга шахсий ҳаётларида бахт-саодат, фаолиятларида муваффақиятлар тилаб юксак эҳтиром кўрсатилди.
Яратган оламни бекам яратмиш,
Ҳайрлар ёғдирмиш олам тоқидан.
Меҳру муҳаббатни кўпроқ таратмиш,
Энг нафис ҳилқатга, аёл зотига…
Қалбига жо этмиш юксак закою,
Мислсиз жасорат қудратин солиб.
Гоҳ муштипар она бўлиб йиғлади,
Юртин қўриқлади Тўмарис бўлиб.
Даҳо бўлмоқликдан афзал кўрди у,
Даҳолар етказиб бермоқни юртга.
Зукко маслакдош ҳам бўла олди у,
Бибихоним бўлиб Амир Темурга.
Гўзал шеъриятнинг салтанатида,
Тағин нафислашди гўзал қофия.
У ёзди, энг нафис ҳислар ҳақида,
У Увайсий бўлди, бўлди Зулфия.
Шаънини қорачиқ каби асради,
Юртим тоғларидек юксак орини.
Бир умр йиғламай кутиб яшади,
Урушдан қайтмаган суйган ёрини.
Фурсат келганида жасоратларга,
Қандай жиловласа хаёлотларни,
Забардаст Турсуной Охунова бўлиб,
Шундай жиловлади пўлат отларни.
Юртда омонликнинг елди шамоли,
Халқ бўлди истиқлол завқидан масрур.
Бунда ҳам хиссанг бор ўзбек аёли,
Қалбингни банд этсин фахр ва ғурур.
Бугун сен шифокор, жафокаш устоз,
Фермер ҳам ўзингсан ва ҳатто ҳоким.
Илм йўли бўлди сенга поёндоз,
Бахтинг бутун бўлсин дунё бор токим.
Меҳру муҳаббатни кўпроқ таратмиш,
Энг нафис ҳилқатга, аёл зотига…