Устозлар ва битирувчи талабалар ўртасида видеомулоқот

Устозлар ва талабалар ўртасидаги энг сара ва самарали мулоқот битирув пайтида бўлади. Чунки бу ҳисобот, ҳосил қилинган кўникма ва ўзлаштирилган билим, оширилган малаканинг муҳридир. Ҳаяжонли дақиқалар ўз моҳиятига эга. Пандемия шароитида ҳам бунинг ўз йўриғи бўлиши табиий. Излаган имкон топар, таътилимиз таҳсилимиз билан мазмунидаги шиорларни фаолиятига мезон қилиб иш тутган жамоа, шубҳасизки, барчага ўрнак ва ибрат бўла олади. 2020 йилнинг 6 июнь куни соат 11.00 да Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Институт раҳбарияти ва факультет деканлари билан битирувчи талабалар ўртасида видеомулоқот” номи остида ZOOM платформаси орқали онлайн-видеомулоқот ўтказилди.

Мазкур видеомулоқотда 800 дан ортиқ институт битирувчилари иштирок этиб, асосан магистрлик диссертацияси ҳимояси, ихтисослик фанлари бўйича давлат имтиҳонлари, битирувчиларни ишга тақсимлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Видеомулоқотни институт биринчи проректори проф. Б. С. Мирзаев очиб берди ва 2019-2020 йилда битирувчиларининг давлат имтиҳонларига тайёргарлиги ва битирув малакавий ишлари ҳимояси учун карантин даврида институт томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гапириб ўтди. Шундан сўнг институт Буюртмалар портфелини шакллантириш, битирувчиларни ишга тақсимлаш ва мониторинг бўлими бошлиғи Х.Хайитов томонидан битирувчи мутахассисларни иш билан таъминлашга кўмаклашишга бағишланган маълумоти эшитилди. Маълумот давомида бугунги кунда институт бўйича жами 1665 та битирувчи бўлиб 1557 нафар кундузги бакалар, 86 нафар магистр ва 12 нафар сиртқи бўлим талабаларидан иборат эканлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, битирувчилар учун Қорақолпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши сув хўжалиги вазирлиги таркибидаги ташкилотлар, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва унинг таркибидаги ташкилотлар, Бухоро вилояти Сув хўжалиги тизими ташкилотлари, Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Давлат статистика қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, вилоятларнинг Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари ва Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг таркибидаги ташкилотлар, Тошкент вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси, “ARTEL” компанияси томонидан таклиф этилаётган иш ўринлари бўйича маълумот берилди.

Битирувчилар билан ташкил этилган онлайн-видеомулоқот 2 соатдан ошиқ давом этди. Мулоқот давомида битирувчилар ўзларини қизиқтирган саволлари билан ёзма ва оғзаки усулда институт раҳбариятига мурожаат қилишди. Битирувчилар томонидан институт раҳбариятига берилган саволларнинг барчасига проректорлар Р.Чориев, Б.Худаяров, ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Д.Хаджаев ҳамда Буюртмалар портфелини шакллантириш, битирувчиларни ишга тақсимлаш ва мониторинг бўлими бошлиғи Х.Хайитовлар томонидан тўлиқ жавоб берилди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати