ТИҚХММИда “Aкадемиклар учун Инглиз тили” курси
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта Махсус Таълим Вазирлиги, Олий Таълим Тизими Педагог ва Раҳбар Кадрларини Қайта Тайёрлаш ва Уларнинг Малакасини Оширишни Ташкил этиш Бош Илмий Методик Маркази ва Ўзбекистондаги Британия Кенгаши ҳамкорлигида олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчиларига мўлжалланган “Aкадемиклар учун Инглиз тили ” курси дастури ишлаб чиқилган. Ушбу дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2909-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш асосида, олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчиларни ўз соҳаларида амалий ва илмий конференцияларда самарали иштирок этишда, мақолалар чоп этишда халқаро талаблар даражасида фаолият юрита олиш учун зарур бўладиган инглиз тили кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, чет тилларни ўрганишга қўйиладиган талаблар эътиборга олинган.
Мазкур мақсадда Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг Британия Кенгаши ҳамкорлигида ташкил қилинган Касбий Ривожлантириш Марказида “Aкадемиклар учун Инглиз тили” курслари 05.04.2021-30.06.2021 даврда фаолиятини бошлаган эди. Мазкур курсда пандемик вазиятдан келиб чиқиб таълимнинг аудитория ва онлайн машғулотлари олиб борилиб, унда 25га яқин турли мутахассисликдаги профессор-ўқитувчилар иштирок этиб келишмоқда. Юқорида таъкидланганидек ,курс тингловчилари дастурга биноан чет тиллари бўйича умумэътироф этилган халқаро CEFR меъёрларга кўра А2, В1 ва B2 даражаларга ажратилиб, курс фаол ўқиш ва онлайн режимидаги мустақил таълим шаклида ҳам олиб борилди. Инглиз тили кафедраси катта ўқитувчилари Улуғбек Нуллаев ва Гўзал Эшчанова асосан “Гидромелиорация” факультети ва бир қатор бошқа факультет профессор-ўқитувчиларини ўз ичига олган ҳолда инглиз тили машғулотларини олиб боришди.
“Aкадемиклар учун Инглиз тили ” курси давомида тингловчиларга инглиз тили кўникмаларини ўзлаштиришлари ва касбий малакаларини оширишларида самарали ҳисобланган қатор замонавий адабиётлар ва онлайн ресурслар ҳавола этилди. Таъкидлаб ўтамизки, ҳалқаро лойиҳа доирасида ташкил қилинган мазкур Касбий Ривожлантириш Марказида Британия Кенгаши томонидан тақдим этилган хорижий адабиётлар ва электрон дастурлар ҳам курс тингловчиларнинг чет тили кўникмаларини янада чуқурроқ ўзлаштиришларига замин яратмоқда. Шунингдек, курснинг онлайн режимидаги ҳар ҳафталик турли хил топшириқлари Ўқиш, Ёзиш, Тинглаш, Гапириш, Грамматика, Луғат ва Талаффуз каби тил кўникмаларини такомиллаштиришга ва мақсадларни белгилаш, ўзини ўзи бошқариш ва маълумот излаш каби таълим стратегияларини ишлаб чиқишга қаратилганлиги курс тингловчиларига манзур бўлди. Тингловчиларга курс жараёнида Британия Кенгаши томонидан тақдим қилинган видео, аудио, подкастлар, ўқув материаллари, интерфаол машқлар, тил ўрганиш ҳаволалари турли вазифаларни янгича ёндашувлар орқали бажаришда дунёнинг энг яхши ўқув манбаларидан унумли фойдаланиш имконини берди.
“Aкадемиклар учун Инглиз тили ” курси тингловчилари жорий йилнинг 5 июль санасида курсни муваффақиятли якунлаганликлари муносабати билан раҳбариятимиз томонидан турли даражадаги сертификатлар билан тақдирландилар. Умид қиламизки, жамоамизнинг бу каби профессор- ўқитувчилари ўз соҳаларида амалий ва илмий фаолият юритишларида зарур бўладиган инглиз тили кўникмаларини янада такомиллаштириш асосида касбий компетентлик ва педагогик маҳоратларини халқаро талаблар даражасида доимий ривожланишини таъминлаб борадилар.
ТИҚХММИ Матбуот хизмати