«SОS Ўзбекистон болалар маҳаллалари» га ташриф
Болалик – ҳаёт уммонининг мусаффо сарчашмаси. Боиси, у ҳар бир мурғак қалб учун ташвишлардан йироқ, эзгуликка тўла лаҳзалардир. Болажонларнинг баҳор тонги мисол беғубор қалби фақат яхшиликларга йўғрилган бўлади. Шу сабаб "Ер ресурсларини бошқариш" факултети декани Ш.Нарбаев, Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Ешова ҳамда Ердан фойдаланиш кафедраси катта ўқитувчиси, институт хотин-қизлар кенгаши раиси ўринбосари З.Ҳафизова ташаббуси билан мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан “Болалалага беринг дунёни” шиори остида хайрия тадбири ўтказилди. Ушбу хайрия тадбирига йиғилган маблағга Тошкент шаҳри, Мирзо Улугбек туманидаги “SОS” болалар шаҳарчаси болажонларига ўзининг зиё нурларидан улашди. Халқимизда бир гап бор: болани бегонаси бўлмайди. Етим одатда ожиз ва заиф шахс бўлади. Етимни хўрловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни ҳақиқий диндор деб бўлмайди.
Етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Шу сабабли ҳар биримиз савобли иш қилишдан чарчамайлик. Уларнинг ширин сўзлари, гўзал табассуми учун ҳар нарсага тайёрмиз.
ЕРБ факултети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Ешова ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати