Ёшлар учун очиқ дарс
“Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан биргаликда қурамиз, 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади, ёшлар орасида “Мен сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” - дея кўзи ёниб турган билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргашишнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир.” Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшларга қарата ана шундай сўзлар билан мурожаат қилганлари ёдимизда.
ТИҚХММИнинг Маданият саройида Президентимизнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал - Хоразмий номидаги ижод мактабидаги ёшлар билан учрашувларидаги нутқи ҳамда 24 январдаги халқимизга Мурожаатномасини тарғиб қилишга қаратилган, ёшларнинг лидерлик маҳорати, етакчилик салоҳияти нуқтаи назаридан ташкил этилган "ОЧИҚ ДАРС" телекўрсатуви "ЁШЛАР" телевизион каналининг ижодий ва техник гуруҳи томонидан жорий йилнинг 6 февраль куни ёзиб олинди. Институтимизнинг иқтидорли талаба ва профессор ўқитувчилари иштирок этган ушбу очиқ дарсда филология фанлари номзоди Р. Жуманиёзов юқоридаги мавзу юзасидан касбий фаолиятда, таълим ва тарбия, мулоқот ва муомала жараёнида ҳамда бошқарув механизмида нутқ маданиятининг ўрни, таълимнинг сифати ва самарасини белгиловчи муҳим омил нотиқлик санъатининг аҳамияти борасида тақдимот дастури орқали дарс машғулотлари олиб борди.
Ташаббускорлик ва ташкилотчилик намунаси сифатида айнан ўзимизнинг таълим муассасамизда ўтказилган очиқ дарс талаба ва магистрантларга бирдек маъқул келди. Мурожаатноманинг тарғиботи бўйича жамоамизнинг фаолиятини кўрсатиш ўрнида бу ҳаракат қимматли эканлиги аниқ.
Шарқ мутафаккири Кайковус ўзининг "Қобуснома"сида "Инсондаги ҳамма қобилиятлардан энг яхшиси нутқ қобилиятидир"- деб, атоқли адиб Скилеф "Чиройли гапириб билиш пул, ҳокимият ва машҳурликдан қимматроқдир. Чунки уларнинг барчасига чиройли гапириб билиш эвазига эришилади", сиёсатшунос Вебстер "Мендан ҳамма нарсани олинг, уй-жой, мулк, машина, менга фақат сўзлаш қобилиятини қолдирсангиз бас. Йўқотган нарсаларимни ўн баравар қилиб қайтариб оламан," Чонси М. Депью "Ҳеч бир қобилият инсонни жамият томонидан зудлик билан тан олиниши ва юқори мавқеларга эришишида нотиқликдек имкон бера олмайди" - дея бежиз ёзишмаган. Хоҳ тинчлик, хоҳ уруш шароитида бўлсин, кучли нотиқларнинг нутқи, воизларнинг ваъзи чорлов оҳангида, даъваткорона тарзда бўлган. Халқни руҳлантирган, сафарбар этган.
Бугунги таҳликали замонда, глобаллашув даврида, айниқса, ғоялар кураши кескин тус олган пайтда мазмундор моҳиятга эга нутқ ҳам, маҳоратли, фикри теран, сўзга чечан нотиқлар ҳам сувдек, ҳаводек зарур. Чунки асосли, ҳаётий, самарали тарғибот ва ташвиқотгина халқни ишонтиради, руҳлантиради, улуғ ва қутлуғ мақсадлар сари илҳомлантиради. Акс ҳолда, душман ундан устомонлик билан фойдаланиб омма онгини заҳарлаши, турли оқимлар томон оғдириши, асосий мақсаддан чалғитиши, йўлдан оздириши ҳеч гап эмас. Жангда сен душманни отмасанг, у сени отади. Бу оддий мантиқ. Нотиқлик маҳоратидан унумли фойдалана олсак, биз ҳамиша ғолибмиз. Ҳозирги замонда халқ қалби ва онги учун кураш кетаётган пайтда муҳим мафкуравий қурол - нотиқлик маҳоратини чуқур эгаллашимиз керак. Ушбу жаҳолатга қарши маърифат яроғидан, мафкуравий механизмдан айниқса, ёшлар тўла ва тўғри фойдалана олиши керак. Шунинг учун ҳам Президентимиз нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратини шунчаки мулоқот ва муомала манбаи эмас, балки маърифат ва маънавиятнинг, тарғибот ва ташвиқотнинг қуроли сифатида ҳис этиб, бундан фойдалана олиш миллий ғоямиз ҳимоясига дахлдор эканини уқтираётган бўлсалар ажаб эмас. Чунки ғоямиз - ҳимоямиз, ҳимоямиз эса ғоямиздир. Бу эса мафкуранинг маёғи, ғоямизнинг байроғи ва яроғи нотиқлик маҳоратини эгаллаш билан амалга ошади.
Президент ўз нутқларида маърифатпарвар адиб Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, - деган сўзларини ҳам бежиз эслатмадилар. Ақлан, руҳан ва жисмонан соғлом авлод баркамол бўлганидек, хулқий ва нутқий маданиятга эга бўлган инсон комил инсон саналади.
Президентимиз нутқ маданияти ва нотиқлик маҳорати масаласини кун тартибига чиқаргунларига қадар пойдеворни қуриб қўйгандилар. 2019 йилнинг 4 октябрь кунидаги қабул қилган қарори, 21 октябрь куни "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони, она тилимизга давлат тили мақоми берилган кун - 21 октябрь санаси "Ўзбек тили байрами куни" деб эълон қилишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасида давлат тилини ривожлантириш департаменти ва атамалар комиссиясини ташкил этишлари, бадиий сўз усталари ва иншолар танловини ўтказиш ҳақидаги ташаббуслари ана шу мақсадли ҳаракатнинг кафолатидир. Ҳамма гап нутқ маданияти, тушунтириш усули, тарғибот ва ташвиқот шаклларида. Буни чуқур эгалламасак, илдамлик ҳам, иш унуми, истиқболли режалар ҳам амалга ошмайди, дилхираликлар содир бўлаверади, холос.
Тадбир яқин кунларда ойнаи жаҳон орқали намойиш қилинади.
Институт ГИМ факультети “Гуманитар”фанлар кафедраси ассистенти Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт матбуот хизмати