Инновациялар – қишлоқ хўжалиги ривожи учун

Инновацияларни ҳаётга жорий этиш аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва мамлакат иқтисодиётини юксалтиришдаги муҳим амалий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада олиб борилаётган ишлар албатта, илм-фан ютуқларини халқ хўжалигининг турли соҳаларига тадбиқ этишда етакчи новатор олимларнинг саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Электротехнологиялар ва электр жиҳозларидан фойдаланиш кафедраси” докторанти А.Бокиев ва таянч докторанти Н.Нуралиевалар томонидан ишлаб чиқилган “Қуёш-шамол” мобил электр станцияси ҳамда “Ўсимликларга пуркаб ишлов берувчи мобил электромеханик қурилма”нинг тақдимоти 2021 йил 5-октябр куни институт ҳовлисида бўлиб ўтди. Тақдимотда Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Муқобил ёнилғи ва энергия корхоналари ассоциацияси, Тошкент давлат аграр университети, “Mir SOLAR” МЧЖ ҳамда институт вакиллари иштирок этишди. Тақдимот давомида ушбу икки қурилманинг амалий аҳамияти, қўлланиш соҳалари ва техник кўрсатгичлари ҳақида новатор олимларимиз иштирокчиларга маълумотлар бериб ўтишди. Албатта, шу жойнинг ўзида ҳар иккала қурилманинг ишлаш принциплари бевосита уларни ишчи ҳолатида кўрсатиб берилди.

Булардан “Қуёш-шамол” мобил электр станцияси қишлоқ хўжалик махсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш, қишлоқ хўжалиги сув таъминоти, чорвачилик соҳаларида қўлланилиб, марказлашган электр таъминоти тизимидан олис худудларда электр таъминотини яхшилаш, қишлоқ хўжалик техникаларини босқичма-босқич экологик тоза - электр юритмага ўтказиш, уларни бевосита даланинг ўзида зарядлаш имкониятларини яратиб берса, “Ўсимликларга пуркаб ишлов берувчи мобил электромеханик қурилма” эса деҳқончилик, боғдорчилик ва пиллачилик соҳаларида фойдаланиб, Ўзбекистон шароитида ўсимликларга суюқлик билан ишлов беришнинг инновацион ресурс тежамкор техника ва технологияларни кенг жорий этишда дадил қадам бўлди. Тадбир сўнггида, иштирокчилар томонидан бу икки ишланманинг муваффақияти ва келажаги ҳақида илиқ фикрлар билдирилиб ўтилди.

 

ТИҚХММИ матбуот хизмати