Хотин-қизларнинг илмий жараёнга сафарбарлиги
Илмга интилиш, илм олиш ва илмий изланиш масаласи жинс ҳам, миллат ҳам танламайди. Жамиятнинг тараққиёти илм-фанга эътибор билан экан, унга бўлган муносабат ҳам юқори даражада бўлиши тайин. Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида бу ишга жиддий қаралаётгани сир эмас. “Истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларни мақсадли тарбиялаш борасидаги ишларни кучайтириш керак. Илмни, тарбияни тўғри қилсак, ҳамма соҳаларни малакали мутахассислар ўзлари ривожлантиради”, - дейди давлатимиз раҳбари. Шундай экан, институтимизда фаолият юритаётган аёл профессор- ўқитувчиларнинг ҳам, илмий изланишга майли устун бўлган талаба қизларнинг ҳам бу соҳада ўз улуши бўлиши фойдадан холи эмас. "Халқ сўзи" газетасининг 2020 йил 29 октябр сонида институтимиз ректори, профессор Умурзоқов Ўктам Пардаевичнинг “Таълим тизими ислоҳотлари Ўзбекистонда янги уйғониш даври пойдеворини яратади” номли мақоласида ҳам худди шу масалаларга эътибор қилингани бежиз эмас. Мақолада институтда сўнгги 4 йилда эришилган ютуқлар ва истиқболли вазифалар тўғрисида батафсил маълумотлар берилган.Бу ютуқларга эришишда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси ва шулар қатори профессор-ўқитувчи аёлларимизнинг ҳам ҳиссаси катта эканлиги эътирофга лойиқдир. “Институтимиз кейинги тўрт йилда очиқлик шароитида, жаҳондаги бир неча машҳур университетларнинг илмий, таълимий ва тадқиқот фаолияти, шунингдек халқаро таълим дастури тизими билан ҳамкорликда иш олиб борди. Бу эса бизни таълим жараёнининг кенгайтириш имкониятини англашга ундайди”-деб фикр билдирилади мақолада. Шундан келиб чиққан ҳолда, институтимиз аёллари ва талаба қизлари бугунги кунда барча соҳаларда таълим, тарбия, маънавий ва маърифий соҳалардагина эмас, балки илмий соҳаларда ҳам фаол бўлишни ўз олдиларига режа қилдилар десак, адашмаймиз. 2020 йил 6-ноябрь куни Хотин-қизлар Кенгаши ва институт “Олима аёлар” клуби ташаббуси билан барча институт профессор-ўқитувчилар, талаба – қизлар, бўлим ходими аёллари, ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари, институтимизнинг Бухоро ва Қарши филиаллари хотин-қизлари, шу билан бирга институт қошидаги Интернэшнл-Хаус-Тошкент академик лицей хотин-қизлари иштирокида Ўзбекистон Хотин-қизлар “Олима” Уюшмасининг раиси, тарих.ф.д., профессор Муртазаева Раҳбар Хамидовна, институт илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор т.ф.д.,профессор Султонов Тохир Зокирович, Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор п.ф.н., доцент Чориев Рузимурат Кунгратович, “Олима аёлар” клуби раҳбари иқ.ф.н.,доцент Сангирова Умида Равшановналарни таклиф қилган ҳолда “ВЕБИНАР - СУҲБАТ” ўтказилди. “ВЕБИНАР - СУҲБАТ” институт хотин-қизлар масалалари бўйича Кенгаши раиси п.ф.д.,профессор З.Исмаилова ва маънавий-маърифий ишлар бўйича бўлим бошлиғи З.Хайдаров томонидан олиб борилди. Кириш сўзи т.ф.д.,профессор Т.Султоновга берилди. Бунда улар томонидан хотин-қизлар масаласини давлат сиёсати даражасида кўтарилиб келинаётганлиги, институт профессор-ўқитувчи аёллари ва барча талаба қизлар учун яратилаётган шароитлар, уларни барча жабҳаларда фаоллиги ва шу билан бирга илмий тадқиқот ишларида ҳам ўзларини кўрсатиб келаётганлари ҳақида фикр юритишди. Т. Султонов томонидан барча илмий ишлар билан шуғулланаётган хотин-қизларимизга имкониятлар эшигининг очиқлиги ва улар билан бирга ҳамкорликда ишлаш ва керакли маслаҳатлар бериш каби таклифлар айтиб ўтилди. Шу билан бирга бир қанча таклиф ва маслаҳатлар ҳам бериб кетилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар “Олима” Уюшмасининг раиси, тарих.ф.д., профессор Муртазаева Рахбар Хамидовна ўзларининг “Ўзбекистон Хотин-қизлар “Олима” Уюшмасининг долзарб масалалари” мавзусида маъруза қилди. Маъруза жуда қизиқарли ва янги маълумотлар билан йўғрилган эди. Шу билан бирга Республика “Олима” уюшмасининг фаолияти билан ҳам таништириб кетилди. Барча вебинар иштирокчилари томонидан савол-жавоблар олиб борилди, керакли таклифлар, маълумотлар олинди. Институтда ташкил этилган “Олима аёллар” клуби раҳбари иқ.ф.н., доцент С.Сангирова томонидан “Институтда профессор-ўқитувчи аёллар ва талаба қизлар билан олиб борилаётган ишлар мазмуни” мавзусида теран далилларга асосланган маълумотларга бой маъруза эшитилди. Бунда институтимиз хотин-қизлари томонидан барча соҳалар билан бирга илмий тадқиқотлар фаолияти бўйича аниқ маълумотлар берилди. Аёлларимизнинг ютуқлари ва келгусидаги режалари бўйича ҳам айтиб кетилди. Якунловчи сўз институтимиз ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р.Чориевга берилди. Улар томонидан маънавий-маърифий соҳалардаги аёлларнинг фаолияти, талаба қизларимизнинг ютуқлари, шу билан бирга илмий тадқиқотил лар соҳасидаги ютуқлари бўйича фикр юритилди. Сўнгра савол-жавоблар ва фикрлар билдирилди. Институтимиз хотин-қизларимиз номидан профессор М.Шаумарова сўзга чиқиб барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдирдилар. Айнан аёлларимиз, қизларимизнинг илм соҳасидаги билимлари оиласини юқори даражаларга олиб чиқиши, фарзандлари тарбиясида муҳим рол ўйнаши хусусида мулоҳаза юритдилар.
Вебинар якунида Раҳбар Хамидовна ҳаммага ўз миннатдорчиликларини билдирган ҳолда институт фаолияти ва аёлларнинг илмий изланишларига ривож тиладилар. Вебинар – суҳбат натижасида барча иштирокчилар ўзларига тегишли фикрларни, таклифларни олдилар. Иш фаолиятларида бугунги берилган маълумотлардан дастуруламал сифатида фойдаланишларига ишониб қоламиз.
ТИҚХММИ матбуот хизмати