ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ РЕЙТИНГГИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида кенгайтирилган таркибда ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раислик қилди. 

Йиғилишда олий таълим муассасаларининг 2019 йил 1 январь ҳолатига рейтинги эълон қилинди. 

Халқаро тажрибага мувофиқ такомиллаштирилган индикаторлар асосида жорий йилнинг февраль-июнь ойларида республиканинг 57 та олий таълим муассасалари (филиаллари билан бирга) фаолияти таҳлил қилинди ва 2019 йил 1 январь ҳолатига уларнинг рейтинг натижалари тайёрланди: 

1. Гуманитар ва иқтисодий соҳада Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети; Тошкент молия институти, Тошкент давлат шарқшунослик институти етакчи ўринларни эгаллаган.  

Шунингдек, ушбу соҳада Тошкент молия институти, Урганч давлат университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети аввалги йилга нисбатан юқори поғоналарга кўтарилган. 

2. Техника ва қишлоқ хўжалиги соҳасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти, Тошкент давлат аграр университети етакчи ўринларни эгаллади.  

Ушбу соҳада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти фаол ҳаракат қилиб миллий рейтингда биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек Тошкент давлат аграр университети 12-ўриндан 6-ўринга кўтарилди. 

3. Тиббиёт соҳасида Тошкент стоматология институти, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти етакчи ўринларни эгаллади.  

Самарқанд давлат тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти эса сўнгги ўринларни эгаллади. 

Мазкур соҳада Бухоро давлат тиббиёт институти ўтган йилги рейтингдаги 43-ўриндан юқорига кўтарилиб, 16-ўринга чиқди. 

4. Маданият, санъат ва спорт соҳасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Миллий рассомчилик ва дизайн институти етакчи ўринларни эгаллашди. Ушбу ОТМлар ўтган йили энг охирги 10таликка тушган эди. Жорий рейтингда ушбу олий таълим муассасалари фаолиятида кескин ўзгариш рўй бериб мос равишда 24- ва 29-ўринларга чиқиб олди.
Умумий рейтингда Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти етакчи ўринларни эгаллашди.  

Шу билан бирга, илмий салоҳияти бўйича Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Самарқанд давлат университети етакчи ўринларда.

Энг кўп хорижий профессор-ўқитувчилар Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент давлат шарқшунослик институтида фаолият олиб бормоқда. 

Талабалар билими бўйича энг юқори натижаларни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Навоий давлат кончилик институти, Тошкент давлат аграр университети, Урганч давлат университети эгаллади. 

Энг кўп иш берувчилар баҳосини тўплаган ОТМларга Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент давлат техника университети, Урганч давлат университети, Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Қорақалпоқ давлат университети, Тошкент молия институти киради. 

Иш берувчилар томонидан “Битирувчиларнинг билим даражаси ва амалий кўникмаси”га 72%, “ОТМнинг иш берувчилар билан ҳамкорлик даражаси”га 65%, “Битирувчиларнинг келгусида ўсиш имкониятлари”га 75%, “ОТМларнинг кадрлар тайёрлаш сифатига” 69% ижобий жавоб берилган. Шунингдек, 94% иш берувчилар келгусида миллий ОТМларимиз битирувчиларини ишга қабул қилишини билдирган.  

Келгусида рейтинг натижаларини таҳлил қилиш асосида ОТМларни халқаро рейтингга киритиш бўйича “йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунда миллий рейтингда дастлабки 10 таликка кирган ОТМлар орасидан келгусида дунё рейтингига киритиш мумкин бўлган ОТМлар ҳақида таҳлилий маълумотлар тайёрланади ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади. Рейтинг натижалари асосида маҳаллий ОТМлардан 5 тасини  QS, THE каби халқаро рейтинг агентликларининг рўйхатига киритиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш ҳақида ОЎМТВга таклиф берилади. Бу ўз ўрнида миллий ОТМларимизни дунё университетлари рейтингига чиқишига дастлабки қадам бўлиб хизмат қилади. 

 Манба: edu.uz