Япониялик файласуф ва роҳибнинг институтимизга ташрифи ва филм премъераси

Бугун машҳур япон  файласуфи, буддий роҳиби Терасава Дзюнсей Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ташриф буюрди. Унга ташриф пайтида улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг қизи Шоира Орипова ҳамроҳлик қилди. Япониялик меҳмон таълим муассасамиз қошидаги Абдулла Орипов номли Ёшлар боғини ва музейни зиёрат қилдилар.

Дзюнсей Терасава тинчлик элчиси бўлиб, қарийб ярим асрдан бери бутун дунё мамлакатларга ташриф буюриб, тинчлик ва фаровонлик учун дуода бўляптилар. Кўп ҳарбий можароларни мамлакатлараро учрашувларда тинчлик ва келишув йўли билан ечим топишига кўп ҳисса қўшган инсонлардан бири. Ҳаёти давомида деярли барча давлатларнинг раҳбарлари билан учрашганлар ва суҳбатлашган. Кўп халқаро конференция ва симпозиумларда, шунингдек, БМТ ташкилотида ҳам йирик мамлакатларни ядровий қуроллардан  воз кечишга  чорлаганлар. 2004 йилда Ўзбекистонда  “Шарқ ва Ғарб диалоги“ номли илмий анжумандан кейин   Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов билан кўришган. Ўзларини “Мангулик макони. Мен сенга уч минг йиллик  дунёни топшираман” деган китобини тақдим қилган. У китобда Ўрта осиё халқларини қадимги тарихи ва чуқур фалсафаси ҳақида ёзилган.

Терасаванинг ёзишича, коинот билимларига эга бўлган,  бизнинг қўрғонларимизда ётган қаҳрамонларимиз уйғонса  ренессанс даври келиши хақида баён қилинган. Бу билимлар инсониятни коинот ва ер билан уйғунлаштириб, бутун ер юзида тинчлик  барқарор бўлишини таъминлайди. Олимнинг таъкидлашича, бизнинг диёримиз нафақат Буддизм ва Зардуштийлик динларини, балки энг юксак Кушон тамаддунининг бешиги ҳам бўлганини эстироф этди. Айнан Кушон сивилизацияси хамма халқларни, дин ва маданиятларни бирлаштирган ва уйғунлаштирган. Бу ягона зўравонлик билан барпо бўлган тамаддундир. Бизнинг қонимизда , бизнинг генларимизда бу муҳим билимлар мавжуддир. Улар асрлар давомида бизгача Беруний, Навоий, Улуғбек асарлари орқали етиб келган. Бизнинг диёримиз шу билимларни очса, буюк уйғониш даври ёки ренессанс даври келади. Терасава 2021 йил  август ойида Ўзбекистонга келиб, Термиздаги машхур буддист тарихий обидаларни шу жумладан, Фаяз тепани зиёрат қилдилар ва тинчлик учун дуода бўлдилар.  Институтимиз талабалари билан учрашиб, уларга гул каби очилиб, уйғонишни тиладилар. Зеро, буюк шоиримиз ёзганларидек “Иймон нури доим оқиб турган қонингизда, Ўзингиз ҳам билмагайсиз, бир гавҳар бор жонингизда”  деган сатрлари бор. Ва ўша аждодларимиздан қолган улкан билимларни эслашимиз ва уларни тарғибот қилишимизга чорладилар.

Ташрифнинг давоми сифатида кечқурун соат 18:00 да "Адиблар хиёбони"да Абдулла Ориповга бағишланган ҳужжатли филм премераси бўлиб ўтди. "Спектр" студияси томонидан сурата олинган ушбу филмнинг ижодкорлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари, адабиётшунослар, институтимиз профессор ўқитувчилари, Ўзбекистон кинематография агентлиги раҳбарияти, улуғ шоримизнинг оила аъзолари иштирок этишди. Айниқса, япон роҳиби, файласуфи Терасаванинг қатнашиши  ва табриклари даврага файз киритди. Тадбирни институт проректори Рузимурат Чориев очиб Халқ шоирининг номини абадийлаштириш борасида таълим муассасасида қилинаётган ишлар борасида сўз юритди. Сўнгра профессор Қиёмиддин Назаров, доцент Шуҳрат Ризаев, шоир Шодмонқул Салом, филм ижодкори Фурқат Усмонов, Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреати, "Interxaus" лицейи ўқувчиси Рухшоналар ўзларининг самимий табриклари билан чиқишлар қилишди. Сўнгра филм намойиш этилди. Филм премъераси барчада илиқ таассурот қолдирди.

 

ТИҚХММИ  матбуот хизмати