Навоийнинг навосидан нурланиб

Ҳар бир замон, макон ва инсон эҳтиёжларига монанд ҳақиқатни айта билиш, умуминсоний ғояларни тараннум этиш, юксак истеъдод эгаларига хос бўлади. Шубҳасизки, Биринчи Президентимиз эътироф этганларидек, “мутафаккирларнинг мутафаккири, авлиёларнинг авлиёси, шоирларнинг султони” бўлган Алишер Навоий ана шундай нисбатга лойиқдир.

Институтимизда 8 февраль куни ҳазрат Навоийнинг 578 йиллигига бағишлаб ўтказилган маънавий тадбирда худди шу руҳ ҳукмрон бўлди. “Тиллар” кафедрасининг доценти Комила Раҳимова ва “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” факультетининг ёшлар бўйича декан муовини Жамшид Турдиевларнинг ташкилотчилигида тайёрланган маърифий тадбир маънавиятга ошна, маърифатга ташна педагог ва талабаларга бирдек маъқул келди десак хато бўлмайди.

Ҳазрат Навоийга эҳтиром йўсинида ўтказилган худди шу номдаги маърифий тадбир буюк мутафаккир Алишер Навойнинг 578 йиллигига бағишланди. Унда Муқимий номли Ўзбек давлат мусиқали драма театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов, маҳоратли, мафтункор актриса Маърифатхон Ортиқова, театрнинг матбуот котиби Ферузахон Холиқовалар иштирок этиб институт жамоасига завқ улашдилар.

Навоийнинг даҳоси ва закосига таъзим мазмунидаги маъруза билан даставвал, институтнинг ёшлар бўйича проректори Қодиржон Шоввазов чиқиш қилдилар. Сўнгра Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизовга сўз берилди. Улар ҳазрат Навоийнинг ижодиёти ва ижтимоий ҳаётда тутган ўрни борасида тўхталиб, алломалардан бири Навоий, Шекспир, Гёте, Пушкин дунёнинг тўрт устуни деб эътироф этганининг бежиз эмаслигини уқтириб ўтди.

Институт талабаларининг саҳнавий кўринишлари ва дилтортар қўшиқлари, Навоий шеъриятидан айрим намуналарни ўзбек, форс, рус, немис ва инглиз тилларида ўқишлари тадбирга катта мазмун бахш этди.

Мафкура полигонлари ядро полигонларига нисбатан катта куч бўлган айни дамларда мумтоз меросимиз дурдоналари, хусусан Навоий назми ва насри алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаш ўринлидир.

Президентимиз парламентга, Олий Мажлисга мурожаатларида буюк муҳаддис аллома Имом Бухорийнинг “Жомеъ ус-саҳиҳ” ҳадислар мажмуасидаги амаллар ниятларга яраша бўлади мазмунидаги ҳикматини келтира туриб тараққийпарвар инсоният учун икки муҳим тушунча - соғлик ва тинчликни муқаддас тутиш зарурлигини уқтирганлари бежиз эмас. Бундан салкам олти аср олдин Алишер Навоийнинг худди шу мазмундаги бонги, қалб нидосига эътибор қилинг.

Олам аҳли, билингизким иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир – бирингизғаким, эрур ёрлиғ иш.

Тинчлик учун курашиш ёрлиғ иш эканини Навоий ҳазратлари жаҳон аҳлига қарата айтаётгани аҳамиятлидир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош ассамблеясининг 72 – сессиясида Олий минбардан туриб бутун дунё мамлакатларини тинчлик учун курашишда ҳамжиҳатликка  чақирганлари Навоий даъватларига ҳамоҳанглик касб этиши улуғ аждодларимизнинг қутлуғ ишларига садоқат туйғусидандир.

Инсон камолоти, шахс маънавияти, таълим ва тарбияси,комил инсон концепциясига муносабат ҳам ҳазрат Навоий ижодиётида алоҳида ўрин тутади. Комиллик, аслида, эл – юрт ҳурмат-эътибори унинг дарду ташвишларига, ғаму аламларига малҳамлик билан белгиланади. Халқнинг ақлу идроки куч у қудрати яратганнинг инояти. Шунинг учун ҳам Навоий ижодиётида элпарварлик туйғуси устун. Ўз ҳикматларидан бирида “Агар эл қилмади ҳимоят санга, Ўзингдан керакдур шикоят санга” дея бежиз ёзмаган. Эл ҳимояси унинг ғояси ва мақсадларини қадрлаш билан узвий боғлиқлигини шоир ҳақли эътироф этади.

Унинг ушбу машҳур қитъасида комиллик ғояси чиройли тарзда, ташбеҳона ифода билан акс этган.

Камол эт касбким олам уйидин

Сенга фарз ўлмагай ғамнок чиқмоқ

Оламдин нотамом ўтмак биайниҳ

Эрур оламдин нопок чиқмоқ.

Дунёга келишдан мақсад илм олиш ва эл манфаати учун куюнишдир.Инсоннинг таълим ва тарбияси унинг камолотини белгиловчи омилдир. Ўзини комиллик сари тайёрлаш авваломбор илму одоб уйғунлиги билан эканини таъсирчан тарзда ифода этади шоир.  Жамиятнинг бир бўлаги бўлган инсоннинг ўзлигини топиш учун интилиши муҳим. Эл нетиб топгай мениким мен ўзимни топмасам, деб ёзади Навоий.

Одами эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Алишер Навоийнинг ушбушоҳбайтини Президентимиз Шавкат Мирзиёев мажлисларда, турли учрашув ва йиғинларда алоҳида эҳтиром ва урғу билан ёдга оладилар. Чунки, халқ билан мулоқот, инсон манфаатлари, тадбиркорлик, инновацион ғоялар ҳамда инвестицион фаолият ҳам бевосита юқоридаги мисралар мазмуни билан ҳамоҳангдир.

“Инсон ўзгармаса жамият ўзгармайди”, - дейди Президентимиз.  Ўзлигини топган инсонгина чинакам бахтли бўлади.

Навоий ижодиёти, ғояларининг замонавий аҳамияти, қиммати деган масалага янада яқинроқ бўлиш, уларни идрок ҳамда тарғиб этиш имконияти ва заруратини туғдиради. Ҳаётимизда муҳим бўлган ислоҳотлар амалга оширилмоқда; илм-фанга янгича муносабатлар зарурлиги алоҳида таъкидланаяпти. Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академиясининг ташкил этилиши, умуман, Ислом инсониятнинг умумбашарий қадриятлари шаклланишидаги бош омиллардан бири бўлганига ва у келгусида ҳам инсоният тараққиётида ҳамда тинчлигида, шубҳасиз, муҳим ўрин тутажаги, Президентимиз энг юксак минбарлардан туриб халқаро миқёсдаги эътиборни тортиши, бу, ўзбек халқи, миллатининг нуфузи жаҳон миқёсида кўтарилиб бораётгани ва тан олинаётганидан бир муждадир. Мана шу ва ХХ асрнинг бошқа кўпдан-кўп муаммолари ўрганилиши, ҳаётга теран ҳамда таъсирчан сингдирилишида Навоий асарлари, қаҳрамонлари, ғоялари биз билан, замонамиз билан камарбастадир.

Бугунги куннинг ўткир ва глобал муаммоларига жавоб топишда айнан Навоий асарлари ёрдамга кела олади.Улуғ бобомиз ўз ҳисобидан “Ихлосия” ва “Низомия” мадрасалари, “Шифоия” тиббийгоҳи, ўнлаб кўприклар, работлар қуриб бергани, юз-юзлаб илм толибларини моддий мадад, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаб тургани жаҳон миқёсидаги улкан сармоядорларга, ҳатто, ўзимиздаги янги мулкдорларга ибрат эмасми?!

Буюк “Хамса”дан тортиб, бошқа барча асарларидаги дину диёнат ва дунёвий мақсадларга уйғун гуманизм ҳамда юксак ахлоқни тараннум этувчи манзумалари; “Ҳайрат ул-аброр”даги инсон ва яшамоқ моҳиятининг юксак фалсафий тараннуми, ўз давридаги дардли муаммоларнинг гўзал бадиий ечимлари бизнинг замонимиз учун ҳам тааллуқли бўла олади.

Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб этиш, бу масалаларга давлат миқёсидаги эътибор, нашрлар ҳақида ғурурлансак арзийдиган ишларимиз оз эмас. Япония, Америка Қўшма Штатлари, Россия каби давлатларда улуғ Навоийнинг буюк ҳайкалининг қад ростлаши ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.

Биз ижтимоиёт, маданият, иқтисодиёт, сиёсатнинг барча соҳасида Ватан ўртага қўяётган талабларни амалга оширган ҳолда, Навоийни чуқур ва теран тушуна олсаккина, буюк миллат бўла оламиз.

Гап бу ўринда Навоий асарларидаги маҳорат ва қудрат гўзаллигини кенг китобхонлар оммаси томонидан ўзлаштира олиш зарурати ҳақида бормоқда. Навоийга муносабатда мана шу муаммога алоҳида эътибор берилмас экан, аҳвол эскилигича қолавериши мумкин. Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш масалаларига бағишланган қарори бошқа муҳим вазифалар қатори мана шундай масалаларга ҳам эътибор беришга ундайди.

Унинг умуминсоний ғоялари макон ва замон танламайди. Ҳазрат Навоий ижодиётини ўрганиш – аждодлар руҳини шод этиш, мумтоз меросимизга ихлос ва эътиқод билан қараш, ватанпарварлик туйғусини қалбда жунбуш уриши демакдир. 

 

Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов